МОНОЛОГ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар ҳаёти билан танишар эканман, ҳар сафар уларнинг янгидан-янги қирраларини кашф этаман. Гоҳида эса улар билан ҳаёлан суҳбатлашаман...

Ё Расулуллоҳ! Сиз худди бошқа амаллар сингари хайр-эҳсон ва садақа қилишда ҳам умматингизга гўзал намуна ва ибрат эдингиз. Сиз инсонларнинг энг саховатлиси, карамлиси эдингиз. Сизнинг саховатингиз, айниқса Рамазон ойларида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Қуръонни таълим бериш учун ҳузурингизга тушадиган пайтларда зиёда бўларди. Сиз мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдингиз!

Эй ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, эй Расулуллоҳнинг халифаси! Қариндошингиз Мистоҳ ўз қизингизга иғво уюштирилганларга қўшилиб қолганида «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», деган эдингиз. Шунда Аллоҳ таоло:

«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир» оятини нозил қилди.

Сиз эса дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», деб Мис­тоҳга берадиган нафақангизни қайтадан жорий қилдингиз ва хайр-эҳсонни бировлардан бериб юбормастан, шахсан ўзингиз олиб борадиган бўлдингиз.

Сиз ана шундоқ зот эдингиз-ки. Бу ишни қилишга сиздан бошқа ҳеч ким ўзида журъат топа олмаса керак.

Бир куни «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ким аҳли намоздан бўлса, намоз эшигидан чақирилур. Ким аҳли урушдан бўлса, уруш эшигидан чақирилур. Ким аҳли садақа бўлса, садақа эшигидан чақирилур. Ким аҳли рўзадан бўлса, Райян эшигидан чақирилур», дедилар. Сиз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биров ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?» деб сўраганингизда У зот: «Ҳа, умид қиламанки, сен ўшалардан бўласан, Абу Бакр», дегандилар. Сиз нақадар улуғ бир мақомдасиз...

Эй кўзларни ёшландирувчи ва қалбимизни ларзага солувчи ҳазрати Умар, эй амирал мўминийн! Сиз Расулуллоҳга: «Менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?» дедингиз.

У зот эса:

«Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур», деди ва сиз буни чин кўнгилдан бажариб турдингиз.

Сиз уни сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилгандингиз.

Эй ҳазрати Усмон! Абу Бакрнинг вақтида одамлар қаҳатчиликка учрадилар. Халифа уларга:

«Иншааллоҳ, эртага кечқурунгача Аллоҳнинг кушойиши келиб қолар», деди.

Эртасига тонг чоғи сизнинг карвонингиз етиб келди.

Тожирлар дарҳол олдингизга келиб молни савдолаша кетишди.

Сиз бўлсангиз улар айтган ҳар қандай баҳога рози бўлмай, фақат «Бундан кўп берадиган бор», дердингиз.

Савдогарлар:

«Сенга бундан кўп берадиган ким эди? Мадинанинг тожирлари биз бўлсак!» деди. Сиз эса:

«У Аллоҳдир. У Зот менга ҳар дирҳамга ўн баробар зиёда беришни ваъда қилди, деб савдогарларни қайтариб юбордингиз ва «Эй Аллоҳ! Буларнинг ҳаммасини Мадинанинг камбағалларига эҳсон қилдим. Нарх ҳам йўқ. Ҳисоб ҳам йўқ!» деб нидо қилганигизни қайта-қайта ўқисам ҳам ҳар сафар кўзларимга ёш қалқийди.

Ё ҳазрати Али! Хурмо боғида кечгача ишлаб, кечқурун бир қоп егуликни туяга юклаб хизматкорингиз Қамбар билан келаётганингизда йўл четида «Аллоҳ розилиги учун» дея садақа сўраб ўтирган бир кишини кўриб қолдингиз.

Шу маҳал қуйидаги суҳбат ўтганди.

– Эй, Қамбар! Бу шўрлик нима сўраябди?

– Хурмо сўраябди.

– Хурмо сўраса бермайсанми!

– Хурмо қопда-ку...

– Қопи билан бер!

– Қоп туянинг устида-ку...

– Туяси билан бер!

Сизнинг айтганингизни сўзсиз бажарган Қамбар: «Туянинг жугани мени қўлимда дейишга қўрқтим, йўқса мени ҳам қўшиб шу кишига бериб юборадиганга ўхшарди..», деган эди.

Эй мўминлар онаси Оиша! Сиз нарсаларни тўплаб-тўплаб, кейин камбағалларга тақсимлаб берар эдингиз. Бир куни сизга юз минг олиб келинди. Ўзингиз ўша куни рўзадор бўлсангиз ҳам ҳаммасини тарқатиб юбордингиз. Умму Дурра сизга:

«Инфоқ қилган нарсангиздан бир дирҳамига гўшт сотиб олиб ифторлик қилсангиз бўлмасмиди?» деганида.

«Аввалроқ ёдимга солганингда қилсам бўлар эди», деб қўяқолдингиз».

Яна бошқа сафари етмиш мингни бева-бечораларга тақсимлаб бердингиз. Ҳолбуки, шу вақтда ўз кўйлагинингизнинг ёқаси ямоқ эди-я.

Эй онамиз Зайнаб бинти Жаҳш! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг менга тезроқ етиб оладиганларингиз қўли узунингиз», дегандилар. Ҳақиқатда, сиз оналаримиз ичида энг қўли узуни эдингиз. Чунки сиз ўз қўлингиз билан меҳнат қилиб, садақа қилар эдингиз.

Сиз ҳатто «Мен ўз кафанимни тайёрлаб қўйдим. Агар Умар менга кафан юборса, иккисидан бирини садақа қилиб юборинглар. Менинг ҳаққим бўлган нарсаларни садақа қилиш имконини топсангиз қилинг», дердингиз.

Сиз оламдан ўтганингизда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу танлаб-танлаб, беш бўлак кафанлик юборди. Сиз ушалар ила кафанландингиз. Синглингиз Ҳамна эса, васиятингизга күра ўзингиз тайёрлаб қўйган кафанликни садақа қилиб юборди. Шунда Оиша онамиз сиз ҳаққингизда:

«У мақталган, куйдирган ҳолида етим ва тулларни чириллатиб кетди», деб ҳўнг-ҳўнг йиғлаган эди.

Эй Зайд ибн Ҳориса! «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганида ўзингизнинг Шибла лақабли отингизни олиб келиб, «Бу садақадир!» – дедингиз. Чунки сизнинг ўша отдан кўра ўзингиз учун маҳбуброқ молингиз йўқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабул қилиб олдилар ва ўғлингиз Усомани мингазиб қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизнинг юзингиздаги ажабланиш аломатини кўрдилар ва:

«Албатта, Аллоҳ уни сендан қабул қилди», деганида сиз қанчалик қувонганингизни ҳаёлан ҳис қилиб турибман.

Эй Абдурроҳман ибн Авф жаноблари! Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо уйларида туриб, Мади­нада овозларни эшитди ва Мадина шовқинга тўлиб кетди:

«Бу нима?» деди.

«Шунда сизнинг карвонингиз Шомдан ҳар хил нарсалар олиб келгани айтилди.

Карвон етти юз туядан иборат эди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдурроҳман ибн Авфни жаннатга эмаклаб кираётганини кўрдим деганларини, эшитдим», деди ва бу гап сизга етиб борганида сиз-чи, сиз нима дедингиз..?

«Агар қодир бўлсам, албатта, тик туриб кираман», дедингиз-у карвонни эгар-жабдуғи ва юклари билан Аллоҳ йўлига, етимларга, бева-бечораларга бериб юбордингиз.

Сиз жуда кўп хайр-эҳсон қилиш билан бирга, кенгчилик вақтларига ета олмай ўтиб кетган мўминларни эслаб, ўзингизга етган неъматлар татимай, ёш болаларча ўксиб-ўксиб йиғлар эдингиз-а?

«Бир куни сиз рўзадор эдингиз, ифторлик учун таом келтирилди. Сиз эса:

«Мусъаб ибн Умайр қатл қилинди. У мендан яхши эди. У бир чопонга кафанланди. Боши ёпилса, оёқлари очилиб қолар, оёқлари ёпилса, боши очилиб қолар эди. Ҳамза розияллоҳу анҳу қатл қилинди. У мендан яхши эди. Сўнгра бизга дунёнинг кенглиги келганича келди. Бизнинг ҳасанотларимиз олдиндан берилмоқдамикан, деб қўр­қиб қолдик», деб йиғлашга тушдингиз-у олдингиздаги таомни ҳам тановул қила олмадингиз.

«Эй Абу Толҳа! Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эдингиз. Молу мулкингиз ичида «Байраҳоо» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», ояти нозил бўлганда, сиз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Байраҳоо» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», дедингиз.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман», деганида.

Сиз: «Худди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деб уни қариндошларингиз ва амакингизнинг ўғилларига бериб юбордингиз.

Эй Саъд ибн Убода! Сиз оламдан ўтган онангизнинг ҳаққи учун Расулуллоҳни гувоҳ қилиб «Мевали боғим унга садақа бўлсин», деб бутун бошли боғни камбағалларга садақа қилиб юборгандингиз-а.

Эй Толҳа ибн Убайдуллоҳ! Сиз тоғ тарафдан қудуқ сотиб олиб одамларни таомлантирар эдингиз. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Сен, эй Толҳа, файёзсан!» дейишлари сизга дунёдаги ҳамма нарсадан ёқимли эди ва доимо топган нарсангизни мусулмонлар фойдаси учун хайру эҳсон қилишга ошиқар эдингиз.

Эй Абу Дардо! Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа ҳақида гапириб турганларида, сиз: «Менинг боғим садақа», дедингиз-у бориб, боғда юрган аёлингизга: «Ҳой Умму Дардо, чиқ, чиқ! Энди бу сеники эмас», деб бўлган гапни айтдингиз.

Шунда аёлингиз: «Жуда яхши қилибсиз-да», деб хурсанд бўлиб, қозон-товоғини кўтариб чиқиб кетганди. Аёлингиз Умму Дардо баъзиларга ўхшаб, боғини садақа қилиб юборган эрларини қарғамаганлар, балки «Савоб иш қилибсиз», деб сиз қилган ишни қўллаб-қувватлаганлар. Сизларнинг оилангиз ана шундай солиҳ оила бўлганди. Сиздек оилалар яна ер юзини кўрармикин?

Эй саҳобаи киромлар! Аллоҳ учун, жаннат иштиёқида хайр-эҳсон қилишда, камбағалларнинг кўнглини олишда, етимларнинг бошини силашда, мискин ва бева-бечораларга қувонч улашишда бир-бирингиз билан мусобақа қилардингиз. Уммат ичидан яна сиздек саховатпеша ва мард инсонлар кўпайишини Аллоҳдан дуо қилиб сўраб қоламиз! Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Азиз биродарим, сиз ҳам ён-атрофингиздагиларга бефарқ бўлманг! Зеро, дунёни гўзаллик эмас, яхшилик қутқаради...

Шарап Сагидуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси 

6 Май, 2021 йил | 806