Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Инсон ҳаётлик чоғида бир дирҳам садақа қилиши унинг учун ўлим чоғида юз дирҳам садақа қилишидан яхшироқдир” (Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Дарҳақиқат, инсон ҳаётлик ва соғлом чоғида фақир бўлиб қолишдан қўрқиб, садақа қилишга ошиқмайди. Зеро, шайтон васваса қилиб, банданинг қулоғига шундай шивирлайди: “Ҳали кўп яшайсан, узоқ умр кўрасан. Мол-давлатингни ҳозир садақа қилиб юборсанг, эртага қандай кун кўрасан? Фақирликдан қўрқмайсанми?!”
Ҳа, шайтон инсонга фақирликдан бошқа нарсани ваъда қила олмайди: “Шайтон сизларга фақирликни ваъда қилади ...” (“Бақара” сураси, 268-оят). Шайтон хайр-эҳсон қилмоқчи бўлган бандани узундан-узун орзулар ва фақирлик билан қўрқитади. Шубҳасиз, шайтон ваъдасида турмайди. Бу каби пуч ваъдаларга алданиб қолмаслик зарур.
Аммо шундай улуғ Зот орки, У ваъдасига асло хилоф иш қилмайди. Ҳа, адашмадингиз, бу буюк Зот Аллоҳ таолодир. Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига қулоқ тутинг: “... Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади ...” (“Бақара” сураси, 268-оят). Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайдиган Зот. Аллоҳ азза ва жалла садақа ҳамда хайри эҳсон қлимоқчи бўлган бандаларга бойликни ваъда қилмоқда!
Танлаш сизнинг ихтиёрингизда! Аллоҳ таолонинг ваъдасини танлайсизми? Ёки ваъдасида турмайдиган шайтоннинг сўзларига ишонасизми?
Лекин танловни ўлим яқинлашмасдан олдин амалга оширганингиз маъқул. Чунки ўлим вақти яқинлашгач, банда мол-давлатнинг охиратда фойда бермаслигини тушуниб етади. Ўлим чоғида ҳар қандай банда бор сарватини садақа қилиб юборишга тайёр бўлиб қолади. Лекин бу садақа соғлом вақтда қилинган садақа каби серсавоб бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмажид