Исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдам омиллари – яхшилик пойдевори

Инсон жамиятда яшар экан, ундаги муаммоларга кўз юмиб кетолмайди. Уларни қодир бўлганича ҳал этишга ёки ҳал этилишига ўз хиссасини қўшиши керак. Айниқса мусулмонлар бу ишда ҳамиша пешқадам ва ўрнакдирлар. Чунки, уларни Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларни қуйидагича мадҳ этган:

 

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”. (Оли, Имрон, 110)

Мусулмонларнинг бу икки улкан сифати: яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш – мисли кўрилмаган фазилатдир.

Ҳар бир жамиятда инсонларнинг иқтисодий ва ижтимоий даражалари бир хил бўлавермаслигини ҳисобга олган ҳолда, турмуш даражаси юқори ва иқтисодий шароити яъни давлати етарли бўлган инсонлар бошқа – таъминоти у даражада юқори бўлмаган инсонларга чиройли муносабатда бўлибгина қолмай, динимизда уларни ҳам моддий жиҳатдан қўллаб қувватлаш йўлга қўйилган. Исломнинг асл мақсади ҳам ер юзини обод қилиш, ўзаро тинчлик, ҳамкорлик ва биродарлик ўрнатишдир. Бунинг учун “Таовун” ­­– “Ўзаро ёрдам” омиллари жорий қилиган бўлиб, улар ҳаттоки, ибодат даражасига ҳам кўтарилган. Баъзи ёрдам турлари фарз даражасида бўлса, бошқалари эса банданинг ихтиёрида қолдирилган.

“Ўзаро ёрдам” маъноларига далолат қилувчи омиллар қуйдагилар:

  1. Закот Ушр 3. Фитр садақаси 4. Нафақа 5. Садақа 6. Ҳиба
  2. Ҳадия 8. Атийя 9. Маниҳа 10. Ория 11. Қурбонлик
  3. Молиявий каффоротлар 13. Фидя 14. Васият 15. Ҳашар

Аввало “ўзаро ёрдам” атамасининг келиб чиқиши, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этишдаги ўрнини кўрсатишга ундаган сабаб Аллоҳ таолонинг қуйдаги оятидир:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир”. [1]

“Ҳамкор”[2] форсча сўз бўлиб, икки кишининг бирга бирор иш қилишини англатади. Бундан ташқари оятдаги “таъавану” лафзи буйруқ кўринишида бўлиб, араб тилидаги ўзаро ҳар қандай ҳамкорликни, ўзаро яхшилик қилишни, бошқа бировга манфаат етказишни англатади.

Аллоҳ таоло ушбу оят орқали мусулмонларни барча езгу ва тақвога асосланган ишларда ўзаро ҳамкор бўлишга, ўзаро ёрдамчи бўлишга чорламоқда.

Ибн Хувайз айтадилар: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш бир неча йўналишда бўлади: Олим кишининг мажбурияти бу инсонларга ўз  илми билан ёрдам бериши яъни таълим бериши, бой киши  мол-дунёси билан, шижоатли инсон шижоати билан ёрдам беришидир”.[3]

Яхшилик фақат юқорида саналгандек садақа бериб, ёки ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан чегараланиб қолмайди. Аксинча, “ёмонликдан қайтариш” ҳам эзгуликка киради. Бунинг учун шариатда маън этилган, соғлом фитрат инкор қиладиган ҳамда бандаларнинг икки дунёсига рахна солгувчи ишлар юзага чиқишини олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳам айни савоби улуғ ишлардандир.

Муаммолар кўп, уларни турли услубда таснифлаш мумкин. Биз эса бу ўринда ижтимоий муаммолар ва уларнинг айримларига ечим излаб кўрамиз.

Ижтимоий муамолар деб бевосита ёки билвосита инсонларга, жамиятга қаратилган, жиддий аҳамиятга молик ҳолатлар тушунилади. Масалан:

  1. Гиёҳвандлик   Ичкилибозлик
  2. 3. Безорилик Зўравонлик

5.Ўғрилик                                                            6. Очлик

7.Уйсизлик                                                           8. Камбағаллик

9.Ишсизлик                                                          10. Қаровсиз болалар

11.Болалар ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши

12.Ногиронлик                                                     13. Қаровсиз қолган кексалар

14.Озодликка чиққан маҳбусларнинг                15. Порахўрлик

 ижтимоий ҳолатлари

16.Пулнинг қадрсизланиши                            17.Туғиш даражасининг камайиши

  1. Одам савдоси                19. Фоҳишабозлик
  2. Ўлим даражасининг юқорилиги 21.Табиат ифлосланиши           
  3. СПИД (орттирилган иммунитет         23.ВИЧ (иммунитет танқислиги касаллиги)

танқислиги синдроми) [4]

           Энг кўп учрайдиган ҳолатлар бу – уйсизлик, ишсизлик, очлик ва камбағалликдир.

      Уйсизлик бугунги кунда глобал муаммолардан бирига айланган. Бошпанаси, турар жойи йўқ инсонларга уйсиз дейилади. Уйсизлик ёнғин, табиий офатлар, мусодара қилиниш, эр хотин ажрашиши, ишсизлик, ногиронлик, касаллик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ҳамда руҳий депрессиялар орқали юзага келади. БМТ ҳисоботига кўра, 2014 йили уйсизлар сони  60 миллионга етган[5] бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 100 миллиондан ҳам ўтиб кетди. Инсонлар бундай ҳолатларда кўча ўриндиқлари, хиёбонлар, кўприк остида, чиқиндихоналарда яшаб юришади. Биргина Германияда 860 000 уйсизлар мавжуд. Улар асосан шаҳарларда “истиқомат” қилишади. Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон, Хитой ва қатор Африка давлатлари, Европанинг кўпгина мамлакатлари бу муаммо билан юзма юз яшамоқда.

      Ўзбек тарихига назар ташласак, ҳамма ҳам бой яшамаган. Аммо ҳамманинг кичик, эски ва оддий бўлсада ўз турар жойи бўлган. Жойи йўқларга маҳалла- кўй, ёр биродарлар ҳашар йўли билан бошпана тикланишига кўмаклашишган. Натижада бир инсон ўз ватанига эга бўлган.

  Ислом тарихига қайтадиган бўлсак, кўмакка муҳтож қатлам ҳамиша эътибор марказида турган. Мусулмонлар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида, мадиналик ансор саҳобалар уйларининг ярмини ўз дўстларига бўлиб беришган. Уйи йўқлар, яъни масжидда яшайдиган “аҳли суффа”ларга доим ёрдам қўлини чўзишган. Ким ўзарга таом бериш, кийим улашиш борасида мусобақа қилишган. Асло қаровсиз қолдиришмаган.

     Ёрдам омилларининг яна бир тури - орият (нарсанинг манфаатидан текинга фойдаланишга вақтинча бериб туриш) ҳам Яъни яшаётганидан бошқа  уйи, автомашинаси, ишлаб чиқариш асбоб-ускунси бор инсонлар муҳтож томонга ориятга, вақтинча, текинга бериб турсалар, уйсизлик, ишсизлик ва очлик каби мумаммолар аста секин бартараф бўлади,  Чунки, кўчада яшаб юрганлар, ишини, жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлар бегона эмас, айнан яқин қариндошларимиз, таниш-билишимиз экани ҳеч кимга сир эмас.

      Ҳадияни олиб кўрсак, Аллоҳ таоло ўз суйган нарсасини инфоқ қилган, ҳадия этган сахий инсонлари Охиратда жаннат билан мукофотлайди. Бу дунё зийнатига учмаган, инсонни буюмдан азиз санаган ҳар бир мусулмон агар ортиқча уйи, анжоми, дастгоҳи бўлса ва уни муҳтож қариндоши, қўшниси, ёр биродарларига ҳадия қилса:

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ

“Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)” бўлади. Аллоҳ бундай саховатли кишини ҳам саховати, муруввати учун мукофотласа, яна бир инсоннинг бошидаги дунёвий ғамини аритгани учун ўзидан Охиратдаги бир ғамини кетказиб қўяди.

Умро ҳам ўзаро ёрдам омилларидандир. У бирор нарсани умрбодга беришни англатади. Кейин фойдаланувчи вафот этса, нарса ўз эгасига қайтарилади.

       Энди бутун дунёга кўлами ёйилиб улгурган очарчиликни кўриб ўтсак. Ислом шариатида маниҳа (соғин ҳайвони, даласи, боғини вақтинчага текинга ишлатиб туришга бериш) деган омил борки, у айнан очарчилик, муҳтожлик сингари муаммоларниинг олдини олишга қаратилган. Мусулмонлар тарихда соғин ҳайвонларини қўшниларига сутидан фойдаланиб, ичиб туришга беришган. Ҳадисларда қўшниси оч бўлиб, ўзи тўқ тонг оттирган мўмин чинакам мўмин бўлолмаслиги қаттиқ таъкидланган.

            Биз фақат айрим ихтиёрий ёрдам омилларини, уларнинг жамиятдаги улкан муаммоларни бартараф этишини санадик халос. Бироқ, фарз қилинган бойнинг камбағалга, эрнинг хотинига, фарзандларига, кишининг қариндошига қиладиган қатъий мажбурияти, садақалари борки, агар улар тўғри, ўз вақтида тартибли йўлга қўйилса, кўпгина муаммолар ҳал бўлади.

Айнан, жиноятчилик, ўғрилик, фаҳш ишлар куртак ёйиши, юқумли касалликлар, ногирон фарзандлар кўпайиши, қаровсиз кексалар кўпайиши, ногирон фарзандлар туғилишининг бир учи – диний ахлоқ етишмаслиги билан боғланса, яна бир учи – ижтимоий қўллаб-қувватловчи омиллар ўз вақтида амалга оширлмаганига ҳам бориб тақалади.

          Хулоса ўрнида: Инсон бу дунёда абадий қола олмаслигини аниқ билади. Шу боис, ҳамиша Охирати учун захира йиғишга интилади. Бизнинг қўлимиздаги мол-мулк, уй-жой, мансаб, ҳамда барча имкониятлар вафот этганимиздан сўнг бизники бўлмай қолади. Меросхўрлар ўртасида тақсимланиб кетади. Биз билан эса биз берган нарсалар кетади, ўзимизда жамғариб, беркитиб қўйганларимиз эмас. Эҳсондан кўнгиллар, манзиллар, асосийси - Охират обод экан, келинг, бугуноқ, ҳозироқ “Яхшилик омиллари”дан фойдаланиб қолайлик!   

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова

Исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдам омиллари – яхшилик пойдевори
2 Июнь, 2021 йил | 1001