Ниятингиз амалга ошишини истайсизми?

Бу дунё шундай тузилганки, одам нимани истаса, вақти-соати келиб шунга албатта эришади. “Йўғ-е, наҳотки”, дейишга шошилманг.

Инсон аввало ўз ҳаётининг ягона соҳиби, ўз-ўзининг доно посбони, доно табиби, доно боғбони эканлигини чуқур англамоғи лозим. Жалолиддин Румий ҳазратлари: 

Нарса йўқким, хорижи олам эрур,

Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур, - деб бежизга ёзмаганлар.

Хуллас, инсон ўзининг улуғ мақомини доимо ёдда тутиб, шунга мос саъй-ҳаракат қилса, унинг ҳаёти ўзи истаганидек завқли, фаровон, бахтли кечади. Маълумки, ҳаётда ҳамманинг ўз орзу-умидлари, армонлари бўлади. Улар фақат орзу-армонлигича қолиб кетиши керакми?! Улар рўёбга чиқмоғи лозим! Асосийси, орзу-ниятлар эзгу бўлиши шарт.

Оқил инсон алоҳида вақт ажратиб, ўзи ҳаётдан нималар олиши кераклигини аниқ-равшан белгилаб олади. Ҳаётий режалар ниҳоятда пухта тузилади, ҳар бир майда-чуйда ҳолатлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги жуда муҳим. Ҳатто, ўз истакларингиз рўйхатини ёзиб чиқишингиз мумкин. Орзу-ниятларнинг пировард натижаларини олдиндан тўлиқ тасаввур этиш, уларга ҳозироқ эришгандек ҳузурланиш ҳам мумкин! Режалар муайян вақтдан сўнг худди Сиз ўйлагандек амалга ошишига заррача шубҳа қилмаслик керак. Турган гапки, орзулар рўёбга чиқишини “осмонга қараб” кутиб ўтирилмайди. Жидду-жаҳд ва қатъият ҳамма ҳавас қиладиган сифатингиз эканлигини унутманг. Асосийси – саъй-ҳаракатлар зерикарли ва машаққатли эмас, қизиқарли ва ҳузурбахш бўлиши шарт. Доимий шиор: “Бўлмоқ, Бажармоқ, Эришмоқ”.

Одам ўз ҳаётининг ягона соҳиби, яъни РАҲБАРИдир, дедик. Шундай бўлгач, оқил раҳбар ўз ихтиёридаги асосий “заҳира” ва имкониятларини доимий назоратда тутади. Уларни ўз фойдаси йўлида ишлата билса – олам гулистон. Бу “ходим”лар раҳбар фойдасига тинимсиз ишламоғи лозим. Мана, ўша “ходим”ларнинг исмлари:

  • Вақт
  • Диққат-эътибор
  • Ғайрат-шижоат (Энергия)
  • Маблағ 

Вақт

 Сиздан (эй Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189)

Фалсафада Вақтга: “Вақт, худди фазо каби, материя мавжудлигининг формаларидан бири”, дея таъриф берилган. Донишмандларнинг таърифи бўйича вақт - ўтмишни келажак билан туташтирувчи... “ҳозир”дир. “Ҳозир” эса, чегарага эга бўлмаган, ўтмиш ва келажак қоришмасидан иборат бўлган кўламсиз, мавҳум воқеликдир. Ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди. Келажак ҳали олдинда. Бинобарин, агар айнан “ҳозир”дан унумли фойдаланмасак, келажакдан яхши натижа кутиш қийин. Энди қаранг-чи, Сизнинг “Вақт” аталмиш “ходим”ингиз яхши ишлаяптими? Бекорчиликдан эснаб ўтирмаяптими? Ундан Сизнинг умидингиз қандай?

 Диққат-эътибор

 “Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят(белги)лар бордир”

(Ҳижр сураси, 75)

Иккинчи содиқ хизматчи – “ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОР”дир. Бу иккисининг жамланмаси фаросат дейилади. Эътибор беринг: хотирингиз жамми? Диққатингиз энг асосий мақсадга қаратилганми? Ёки вақти-вақти билан чалғиб турадими? Ёки диққат-эътибор, ўрнини лоқайдликка бериб, ўзи қотиб ухлаяптими? Режани батафсил тузгач, уни “диққат-эътибор” билан муҳокама қилмоқ лозим. Чунки, мақсадга етишишда диққат-эътибор асосий ўринда туради. Алишер Навоий бобомиз:

Шоҳсен, агар огоҳсен сен-сен.

Агар огоҳсен – шоҳ сен-сен, деб айтганлар. Огоҳ одам – диққат-эътиборли одам дегани-да.

Дунё – фоний, вақт – ғанимат, умр – югурик. Бинобарин, диққат-эътиборнинг бир зум ҳам мудрашига йўл қўйиб бўлмайди. У Сизга ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат ишлаб бериши лозим. Хавотир олманг, чарчаб қолмайсиз. Олдинда ҳар биримизни шундоқ ҳам, узундан-узоқ “уйқу” кутиб турибди...

Бу дунё, ўзи чекли-чегарали бўлса-да, – чексиз Имкониятлар дунёсидир.

 Ғайрат-шижоат (Энергия)

Шижоатингиз ҳар доим Сизнинг мақсадингизга мос йўлда сарфланяптими? Шижоат, қаерда ва қачон “майдон”га тушишини яхши билиши лозим. Шунингдек, “Ғайрат-шижоат”, “Диққат-эътибор” билан доимо бирга ҳаракат қилишни севади. Масалан, елканли кема, штурвал (бошқарув рули, яъни - диққат-эътибор) ва шамол (шижоат)сиз манзилга етиши мушкул.

Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари шундай ўгит берадилар:

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

Шижоат ва жасурлик хислатлари билан ҳаётда нималарга эришиш мумкинлигини Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шонли ҳаёт йўллари яққол кўрсатиб турибди.

Агар мусулмон банда ғайратсиз, шижоатсиз ва камчиликка йўл қўйиб юрадиган кишилардан бўлса, шайтон уни хорлашни кучайтиради, зиммасидаги мажбуриятларни бажармасликни унга енгил бир иш қилиб, ҳаром амалларга қўл уришни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада мусулмон ана шу ишлари билан Аллоҳ ва Расулининг итоатидан йироқлашиб кетаверади.

 Маблағ

 У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Аллоқ хузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)

 (Шуаро сураси, 88-89).

Тўртинчи “ходим” – маблағ яъни пулни ҳам доимий назоратда ушлаш зарур. Пулни топиш ва кўпайтириш, сарфлаш ва тақсимлаш масаласига жиддий эътибор билан ёндошмоқ лозим. Чунки ҳалол аниқ ва ҳаром ҳам аниқ. Банда топаётган маблағининг ҳалол-ҳаромлигига эътибор бермаса икки дунё азобига дучор бўлади.

Оқил Раҳбар, юқоридаги “ходим”лари ишини назорат қилавериб, чарчамайди, ҳаётнинг роҳат-фароғатидан бебаҳра қолмайди. Иймон – пок, қалб – тоза, фикр – тиниқ, мақсад – эзгу бўлгач, ҳаётда ҳамма нарса ўз ўрни-ю вақти билан амалга ошаверади.

Унда, ғам-қайғу, ҳасрат-надоматлар, иллат ва оғриқлар қайда қолади, дейсизми? Эҳ! Умр – ғанимат-ку ахир!    

Юқоридаги сифатлар соҳиби – пок иймон эгаси учун ўткинчи дунёнинг ғамларига вақт йўқ! Бундайлар ҳатто, касал бўлгани учун, боши ғалвага қолгани учун ҳам Яратганга шукрона айтадилар.

Ёдда тутмоқ лозимки, фикр – моддийлашиш хусусиятига эга. Бинобарин, муайян фикр чин ихлос билан мияга жо қилинса, вақти-соати келиб у албатта моддийлашади. Яъни, орзу-ният амалга ошади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади”, деганлар. 

Мақсадни барбод қилувчи тўсиқлар:

  1. “ВАҚТ ЙЎҚ!”,
  2. “ПУЛ ЙЎҚ!”,
  3. “ЁРДАМ БЕРМАЙДИ, БАРИБИР ФОЙДАСИ ЙЎҚ!” деган қайсар ва ўта хавфли баҳоналардир.

          Аслида, ҳаммаси бор (ёки топса бўлади), фақатгина чинакам ХОЛИС НИЯТ ЙЎҚ... 

         

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Ниятингиз амалга ошишини истайсизми?
18 Июнь, 2021 йил | 675