1. Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди.
2. Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади.
3. Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.
4. Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади.
5. Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир.
6. Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади.
7. Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
8. Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди.
9. Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир.
10. Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас.
11. Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
12. Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
13. Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади.
14. Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун ларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда.
15. Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади.
16. Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди.
17. Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади(.
18. Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
19. Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади.
20. Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди.
21. Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.
22. Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соит бўлади.
23. Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир.
24. Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади.
25. Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир.
26. Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди.
27. Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
28. Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.
29. Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки 612 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.
МАНБА