1. Сабр қилувчиларга: “Аллоҳ таоло: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйганимда савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
2. Ғазабини ичга ютувчиларга: “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
3. Масжидга муҳаббатли кишиларга: “Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди” (Муттафақун алайҳ).
4. Таомдан сўнг ҳамд айтувчиларга: “Бирор овқатни еб ҳамд айтган, бирор ичимлик ичиб ҳамд айтган бандасидан Аллоҳ таоло албатта рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
5. Яхшиликка далолат қилувчиларга: “Ким яхшиликка далолат қилса (йўналтирса), унга амал қилувчининг савобидек ажр ёзилади” (Имом Муслим ривояти).
6. Етимни қарамоғига олувчиларга: “Хоҳ ўзига қарашли, хоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз” (Имом Муслим ривояти).
7. Солиҳа аёлларга: “Қайси бир хотин вафот этса ва эри ундан рози бўлса, ўша хотин жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).
8. Зиёрат қилувчиларга: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади” (Имом Термизий ривояти).
9. Аллоҳ йўлида дўст тутинганларга: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).
10. Камбағалларга: “Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади” (Имом Термизий ривояти).
11. Жанжални тарк этувчиларга:
12. Ёлғонни тарк этувчиларга:
13. Чиройли хулқ соҳибларига: “Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман” (Имом Абу Довуд ривояти).
14. Адолатли бошлиқларга: “Адолатли бўлган бошлиқлар учун Аллоҳ ҳузурида нурдан бўлган минбарлар бор. Яъни, у бошлиқлар ҳукм чиқаришда, ўз аҳллари ва қўл остидагиларга адолатли бўлишади” (Имом Муслим ривояти).
15. Кийинишда камтар бўлганларга: “Кимки кийинишга қодир бўла туриб, Аллоҳга тавозеъ қилган ҳолда (олий навли) либос кийишни тарк қилса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида халойиқнинг бошига чақириб, мўминлар (жаннатда) киядиган либоснинг хоҳлаганини танлаш ҳуқуқини беради” (Имом Термизий ривояти).
16. Майитнинг айбини яширувчиларга: “Ким бир ўликни ювиб, ундаги айбларни беркитса, Аллоҳ уни қирқ марта мағфират қилади” (Имом Ҳоким ривояти).
17. Жанозада қатнашувчиларга: “Ким иймон билан, савоб умидида бир мусулмон жанозасида қатнашса ҳамда жаноза намози ўқилгунича ва дафнидан фориғ бўлгунича турса,икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд мисличадир. Ким унга жаноза намози ўқиганидан кейин дафн қилинишидан олдин қайтса, у бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
18. Қуръон соҳибига: “Қуръон соҳибига: қароат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади” ( Имом Абу Довуд ривояти).
19. Мукаммал таҳорат қилувчиларга: “Ким таҳорат олса ва таҳоратни мукаммал қилиб, сўнгра: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади” (Имом Муслим ривояти).
20. Азон дуосини ўқувчиларга: “Ким азонни эшитганида: “Аллоҳумма! Робба ҳазиҳид-даъватит-таамма, вассолатил қоима, ати Муҳаммаданил-васийлата вал-фазийла. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадта”, деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
21. Суннат намозларни мунтазам ўқувчиларга: “Бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракаат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у кишига жаннатда уй қуради ёки жаннатда уй қурилади” (Имом Муслим ривояти).
22. Саломни ёйгувчиларга:
23. Таом улашувчиларга:
24. Тунда намоз ўқувчиларга: “Эй инсонлар, саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйинг. Овқат билан (камбағалларни) таомлантиринг. Кишилар ухлаганда тунда намоз ўқинг, жаннатга омон ҳолатда кирасизлар” (Имом Термизий ривояти).
25. Рўзадорларга: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кузлик узоқ қилади” (Муттафақун алайҳ).
26. Ҳаж ва умра қилувчиларга: “Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ)
27. Қарз берувчиларга: “Ким ночорга (қарзини тўлаш учун ) муҳлат берса ёки кечиб юборса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршидаги сояси остида соялантиради” (Имом Термизий ривояти)
28. Илм олувчиларга: “Ким илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
29. Илм ўргатувчиларга: “Албатта Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).
30. Тилини ва фаржини сақловчиларга: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга ) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман” (Муттафақун алайҳ).
31. Ростгўй савдогарларга: “Ростгўй, омонатдор тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти).
32. Хурсандчилик улашувчиларга: “Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу киши учун жаннатдан бошқа мукофот бўлишига рози бўлмайди” (Имом Табароний ривояти).
33. Йўлдаги озорни четлатувчиларга: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда хузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим” (Имом Муслим ривяоти).
34. Иффатлиларга: “Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафолат бераман” (Абу Довуд ривояти).
35. Тавозуъли ва мулойим кишиларга: “Дўзахга харом кишини ёки унга дўзах харом бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир” (Имом Термизий ривояти).
36. Маййитларга: “Бир мусулмон банда вафот этса, унинг жанозасида Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган қирқ киши иштирок этса, Аллоҳ бу мусулмон ҳақидаги уларнинг шафоатларини қабул қилади” (Муттафақун алайҳ).
37. Зикр қилувчиларга: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у киши учун жаннатда бир хурмо экилади” (Имом Термизий ривояти).
38. Саловот айтувчиларга: “Сизларнинг жаннатда менга энг яқинларингиз, менга саловотни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловот айтишни кўпайтиринглар” (Имом Байҳақий ривояти).
39. Аллоҳнинг розилигини истовчиларга: “Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратган вақтида Жаброил алайҳиссаломни чақириб: “ Эй Жаброил, бандаларим ва авлиёларим учун яратиб қўйган адн жаннатига бор ва ундаги неъматларга назар сол”, деди. Жаброил алайҳиссалом у ерга бордилар. Жаннатни томоша қилиб турган вақтларида у ердаги қасрларнинг биридан бир хур чиқиб келди ва Жаброил алайҳиссаломга қараб табассум қилди. Шу пайт унинг тишидан таралган нурдан Адн жаннати янада нурафшон бўлиб кетди. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу нур Роббул-иззатнинг нуридан бўлса керак”, деб ўйлаб бошларини саждага қўйган эдилар, ҳалиги хур: “Эй Аминуллоҳ, бошингизни кўтаринг”, деди. Жаброил алайҳиссалом бошларини кўтариб хурга қарадилар ва: “Сени яратган Зот покдир”, дея тасбеҳ айтдилар. Хур деди: “Эй Жаброил, Аллоҳ таоло мени ким учун яратганини биласизми?”. Жаброил алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. Хур Айтдики: “Албатта мен Аллоҳнинг розилигини ҳавойи нафсидан устун қўйганлар учун яратилганман”.
(“Дақиқул ахбор фи зикрил жаннати ван нар”. Имом Абдурроҳим ибн Аҳмад ал-Қозий).
40. Силаи раҳмни боғловчиларга: “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин” (Имом Аҳмад ривояти).