Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-укалар бор эди. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳузурларига келиб, илм ўрганар эди. Иккинчиси ҳунармандлик қилиб, кун кўришар эди. Шу ҳунарманд илм ўрганувчи биродари устидан (у ҳам ишласин-да, қачонгача мен ишлайвераман? – деб), Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Балки сенга унинг сабаби(баракаси)дан мўл ризқ берилаётгандир?!" – дедилар".
Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий раҳматуллоҳи алайҳи «Тафсири Табарий» ва «Таърихи Табарий» асарлари билан дунёга танилган алломалардан биридир. У болаликда Хуросон томонлардан 4 та дўсти билан Мадинаи мунавварага ўқиш учун борган экан. Беш нафар толиби илм Мадинанинг ўша даврдаги қайсидир мадрасасида ўқишни бошлашибди. Лекин, орадан тўрт ой ўтар-ўтмас уларнинг ўзлари билан олиб келган маблағлари тугаб қолибди. Ҳеч нарсаси йўқ толиблар бир неча кун оч қолишибди. Дарслари ҳам юришмабди, янги китоб-дафтарлар олишга ҳам пуллари қолмабди. Хайр-эҳсон қиладиган ҳам, ҳомийлик қиладиган одам ҳам топилавермабди. Улардан ёши каттароғи: «Аллоҳ бизнинг бу юртларга илм учун келишимизни хоҳламаяпти, шекилли. Ҳеч ким бизга қарагани йўқ. Илм таҳсили ҳам ривожланмади. Бошқа жойга кетиш ёки ўз юртимизга қайтиб, бошқа иш билан машғул бўлишимиз керакка ўхшайди», дебди. Улар эрталаб ўз юртларига бош олиб кетишга келишишибди. Ҳамма нарсани тах килиб, эрталаб жўнашни қасд қилишибди.
Шу кечаси улар турган ҳонадон эшиги тақиллабди. Очишса, бир кимса: «Эҳсоним бор эди», деб туриб «Қўлларингизни очинг», дебди. Уларнинг ҳар бирининг қўлига 3 дирҳамдан пул бериб, қайтиб кетибди. Ибн Жарир раҳимахуллоҳ: «Аллоҳ бизнинг ўқишимизни хоҳлади, мана. Энди, астойдил ўқийлик!», деб шерикларини қолиб ўқишни давом эттиришга ундабди. Мусофир толиблар ўқишга киришиб кетишибди. Берилган уч дирҳам ўша пайтларда роппа-роса 15 кунга етар экан.
Ўн беш кун ўтганидан кейин кечаси ҳона эшиги тақиллаб, ўша эҳсон қилувчи яна келибди. Яна ҳар бирининг қўлига уч дирҳам-уч дирҳамдан бериб чиқибди. Келажакда буюк олим бўлувчи талабалар сергак тортишиб, унинг кимлигини сўрашибди. Ўша кимса ўзининг мушрик яҳудий эканини ва Мадинада фақат унинг оиласи қолиб кетганини айтибди. У «Таврот»да: «Дунёдаги энг яхши хайр-эҳсон толиби илмларга берилганидир!», деган оят борлигини, шунинг учун уларга хайр-эҳсон бераётганини таъкидлабди.
Шу ҳилда ўша яҳудий саховатпеша инсон хар ўн беш кунда келиб, болаларга уч дирҳам-уч дирҳамдан пул берар экан. Бу роппа-роса қирқ марта давом қилибди. Яҳудий ҳисоб қилиб, қирқ марта толиби илмларга эҳсон қилибди.
Шу орада таътил бошланиб қолибди. Ибн Жарир раҳимахуллоҳ таътилда ҳажга отланибди. Маккага келиб, Каъбатуллоҳни тавоф қилиб юрса, олдидан уша яҳудий оппоқ эҳромларда тавоф қилаётган ҳолатда чиқиб қолибди. Бўлажак аллома дарҳол унинг қўлини ушлабди. Унинг аҳволидан сўрабди. Яҳудий ўз қиссасини бундай сўзлабди:
«Мен сизларга роппа-роса қирқ марта эҳсон қилганимдан кейин, қирқинчи эҳсон берган куним кечаси расулингиз Муҳаммад Мустафо соллаллолоҳу алайҳи ва салламни тушимда кўрдим. У зот менга: «Аллоҳ таоло сенинг бу қирқ марталик эҳсонингни қабул қилди! Энди, сенга кофир бўлиб юришинг ярашмайди, мусулмон бўлиб, жаннатдаги ўз қасрларингга эга бўлишинг керак!», дедилар. Мен 17 кишилик бутун оилам билан ўша эрталаб мусулмон бўлиб, исломга кирдим. Мана ҳажга келиб, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилмоқдаман».
Қўлида бойлиги борлар, саҳоватпеша инсонлар!
Аллоҳ бир мушрикни толиби илмларга қилган эҳсони туфайли имон неъмати билан шарафлантириб, жаннат қасрларига мушарраф қилган бўлса, севимли пайғамбаримни тушида кўриш шарафига муяссар қилган бўлса, сиз имонли бўлган саҳоватпешалар бу ишни қилсангиз, нақадар буюк фазилатга, нақадар улкан хосият ва шарофатларга эга бўлишингизни тасаввур қила оласизми?!
Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришни орзу қилаётган инсонлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушингизда кўриш имкони бор: у ҳам бўлса, ихлосли, келажаги буюк толиби илмларга кўрсатадиган ҳимматингиздир! Жаннатнинг энг осон йули толиби илмларга қилинган холис эҳсонлардир!