Инфоқ қилинг

Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин инфоқ қилинг. Ва кофирлар – ўшалар золимлардир.

Ушбу оятда Аллоҳ Ўз бандаларига яна уларга ёқадиган сифатлар ила:

«Эй иймон келтирганлар!» – деб хитоб қилмоқда. Бу сифат бандаларни Роббларига боғлаб турадиган сифатдир. Чақириқ эса мол-дунё сарфлашга, нафақа қилишга қаратадир. «Нафақа» сўзининг моҳиятида уни қаёққа сарфлаш маъноси ҳам жо этилгандир, яъни нафақа деганда, молни Аллоҳ кўрсатган жойларга сарфлаш тушунилади. Шунинг учун бу ерда нимага нафақа қилиш масаласига алоҳида урғу берилмаган. Лекин нимадан нафақа қилиш эслатилмоқда:

«Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан…»

Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзи берган нарсадан баъзи қисми Ўзи кўрсатган жойга сарфланар экан. Ҳамда нафақанинг вақти таъкидланяпти:

«…на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин…»

Яъни қиёмат бўлмасдан бурун нафақа қилиб қолинглар. Бугун сизларда бундай имконият бор. Чунки қиёмат кунида савдо-сотиқ қилиб, мол-дунёни кўпайтиришга ҳожат қолмайди, ошна-оғайничилик асосида иш битириб бўлмайди, ўртага воситачиларни шафоатчиларни қўйиб ҳам иш битирилмайди. Бу ерда кўпроқ кичик қиёмат – ўлим ҳақида сўз боряпти. Ким ўлса, унинг қиёмати қоим бўлади. Шунинг учун ўлимдан олдин мол-дунёни нафақа қилиб, кўпроқ савоб ишлаб олиш керак.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)

Инфоқ қилинг
9 Ноябрь, 2021 йил | 779