Ислом дини мусулмонларни фарзандларга кафиллик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш, яхшилик қилишга буюрган ва бу иш учун улкан ажрларни ваъда қилган. Ана шундай яхшилик қилинадиган кишилардан бири – етимлардир.
Етим – балоғатга етмаган ва отаси вафот этган ўғил ва қиз болалардир.
Аллоҳ таоло етимни кафилликка олишни яхшиликлар қаторида санаб шундай деган:
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга... яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло етимларга яхшилик қилишни Ўзига яқинлаштирадиган амаллардан, яхшиликнинг энг улуғ турларидан деб зикр қилган:
لَّيْسَ الْبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَـكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْمَلآئِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّآئِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُواْ وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاء والضَّرَّاء وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَـئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (Бақара сураси, 177-оят).
Мана бу оятда Аллоҳ таоло етимга эътибор бермайдиган, унга икром кўрсатмайдиган кимсаларни маломат қилган:
كَلَّا بَل لَّا تُكْرِمُونَ الْيَتِيمَ
“Йўқ! Балки Сизлар етимларни икром қилмассизлар” (Фажр сураси, 17-оят).
Бу оятда эса етимга қаҳр қилиш, зулм қилишни қиёмат кунини ёлғонга чиқариш билан ёнма-ён келтирган:
أَرَأَيْتَ الَّذِي يُكَذِّبُ بِالدِّينِ
“Жазо кунини ёлғонга чиқарувчини кўрдингми?”
فَذَلِكَ الَّذِي يَدُعُّ الْيَتِيمَ
“Ана ўша, етимни қўполлик билан ҳайдайдир” (Моун сураси, 1-2-оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаламни етимга қаҳр кўрсатишдан қайтарган:
فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ
“Аммо етимга қаҳр қилма” (Зуҳо сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло мана бу оятда етимнинг молига фақатгина яхшилик мақсадида яқинлашишни, акс ҳолда яқинлашмасликни амр қилган:
وَلاَ تَقْرَبُواْ مَالَ الْيَتِيمِ إِلاَّ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّى يَبْلُغَ أَشُدَّهُ
“Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли” (Анъом сураси, 152-оят).
Аллоҳ таоло қуйидаги оятда етимга таом бериш ва унга эҳсон қилиш жаннатга олиб борадиган, қиёмат машаққатидан қутқарадиган йўл эканини баён қилган:
وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَى حُبِّهِ مِسْكِيناً وَيَتِيماً وَأَسِيراً
“Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар”. (Аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар.)
إِنَّمَا نُطْعِمُكُمْ لِوَجْهِ اللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمْ جَزَاء وَلَا شُكُوراً
“Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳласмиз”.
إِنَّا نَخَافُ مِن رَّبِّنَا يَوْماً عَبُوساً قَمْطَرِيراً
“Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз”, (дерлар)”.
فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُوراً
“Бас, уларни Роббилари ўшал кун шарридан сақлади ва уларга хушрўйлик ҳамда хурсандчилик ато қилди”.
وَجَزَاهُم بِمَا صَبَرُوا جَنَّةً وَحَرِيراً
“Ва сабр қилганликлари учун уларни боғу роғ ва ипаклар билан мукофотлади” (Инсон сураси, 8-12-оятлар).
Етимнинг бошини силаш, унга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!” дедилар. Имом Аҳмад ривояти.
Бир киши Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан “Қалбим қандай юмшайди?” деб сўради. У киши “Қабристонга кир ва етимнинг бошини сила!” дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларга яхшилик қиладиган Қурайш аёлларини мақтадилар. У зот: “Туяга минган аёлларнинг яхшиси Қурайш аёлларидир. Етимга, болалигида меҳрибон бўлади. Эрининг никоҳидалигида эрининг риоясини қилувчи бўлади” деганлар. Муслим ривояти.
Молнинг энг яхшиси ундан етимга берилганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бу мол ширин, ям-яшил нарсадир. Мискинга, етимга ва йўловчига берилган молнинг эгаси бунча ҳам яхши мусулмондир!” Муттафақун алайҳ.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етимни кафилликка олган кишига жаннатда ўзлари билан бирга бўлишини башорат бериб шундай дедилар: “Мен билан етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён бўламиз”. Муттафақун алайҳ.
Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилдилар-да, уларнинг орасини бироз очдилар.
Ибн Баттол айтадилар: “Ушбу ҳадисни эшитган кишининг зиммасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда бирга бўлиш учун унга амал қилиш вазифаси бордир. Зеро, жаннатда бундан афзал мартаба йўқдир”.
Етимни кафилликка олиш – балоғатга етгунича унинг нафақаси, кийими, одоби, тарбияси, унга меҳрибонлик қилиш кабилардир.
Кафолатига олиш – етимни ўз уйига олиб кетиш, бағрига босиш, ҳожатларини бажариш билан бўлади. Бунда етим кафилликка олувчининг қариндоши бўладими ёки бегонами, фарқи йўқ.
Хайрия жамиятлари орқали етимларнинг нафақасига, то улар балоғатга етгунича, маблағ ўтказиш ҳам етимни кафилликка олишга киради.
Етимнинг ўз молидан ўша етимнинг ўзига сарф қилиб, молини эҳтиёт қилганлар ҳам етимни кафилликка олганлар қаторига киради.
Етимнинг молини тасарруф қиладиган, ўзини кафилликка оладиган киши ниятига эътибор бериши керак. Нияти Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак.
Етимнинг молига, қачонки етимга фойдаси бўлсагина, яқинлашиш керак. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилади:
وَلاَ تَقْرَبُواْ مَالَ الْيَتِيمِ إِلاَّ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّى يَبْلُغَ أَشُدَّهُ
“Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли” (Анъом сураси, 152-оят).
Етимнинг молини шаръий йўл билан, етимга фойда бўладиган тарзда кўпайтириш керак. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْيَتَامَى قُلْ إِصْلاَحٌ لَّهُمْ خَيْرٌ
“Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: “Уларга ислоҳ қилиш яхшидир”, деб айт” (Бақара сураси, 220-оят).
Етимнинг молида исрофга, бепарволикка йўл қўйишдан, ўша молни ноҳақ ейишдан сақланиш керак. Чунки, унинг молини зулм йўли билан ейиш дўзахга киришга сабаб бўладиган гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْماً إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَاراً وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيراً
“Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўладилар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирадилар” (Нисо сураси, 10-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етимнинг молини ейишни ҳалокатга олиб борувчи еттита гуноҳлардан бири сифатида зикр қилганлар: “Еттита ҳалокатга олиб борувчи нарсалардан четланинглар!” деб бошланган ҳадисда у зот алайҳиссалом “Етимнинг молини ейиш”ни ҳам айтганлар. Муттафақун алайҳ.
Етимнинг молига ёмон ниятда яқинлашиш кабира гуноҳлардандир. Етимни уриш, озор бериш, хорлаш оғир гуноҳдир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ
“Аммо етимга қаҳр қилма” (Зуҳо сураси, 9-оят).
Етимга қаҳр қилишдан қайтариш – унга яхшилик қилишга, қалбига шодлик киритишга амрдир.
Етимни кафиллигига олган, унинг молини тасарруф қилаётган киши Аллоҳдан қўрқиши керак.
Етимга табассумини, насиҳатини, гўзал тарбия беришни, юмшоқ сўзни аямаслиги, унга меҳрибон ота бўлиши керак. Қатода раҳимаҳуллоҳ “Етимга раҳмли ота бўлинг!” деганлар.
Балоғатга етмаган боланинг отаси вафот этса, барча масъулият онасининг зиммасига тушади. Эри вафот этиб, етим фарзандини тарбия қилишда масъулиятни ҳис қилган оналар улуғ олимларни тарбия қилишган. Масалан, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг оналарини олиб кўрайлик.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ оналари ҳақида шундай деганлар: “Онам мени бомдоддан анча олдин уйғотар эдилар. Мен ўша пайтда ўн ёш эдим. Қиш кунларида менга иссиқ сув тайёрлаб берар, кейин мен ва онам бирга таҳажжуд намозини ўқир эдик. Кейин онам мени кимсасиз, қоронғу йўллардан етаклаб бомдодни ўқиш учун масжидга олиб борардилар. Кун ярмига етгунича онам мен билан қолардилар. Талаби илмдан ва Қуръон ёдлаш дарсидан бўшагунимча мени кутиб турардилар”.
Бу онанинг етим ўғлига кўрсатган хизмати, бу йўлдаги машаққатларга сабр қилгани сабабли Имом Аҳмад мусулмонларнинг имомларидан ва уламоларидан бири бўлиб етишдилар.
Етимларни кафилликка олганлар, етим боқаётганлар уларга яхшилик қилишга, тарбияларига эътибор беришга, меҳрибонлик қилишга, фойдали илм беришга, намозга буюришга, гуноҳлардан қайтаришга, уламоларнинг мажлисларига олиб боришга, солиҳларнинг суҳбатида иштирок эттиришга, фитналардан узоқ қилишга ҳарис бўлишлари керак!
Аллоҳ таоло барчамизнинг етимпарвар бўлишимизни, етимларнинг бошини силаб, қалбларимиз юмшашини ва охиратда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда бирга бўлишимизни насиб этсин, омин!