Ислом дини тўлиғича поклик асосида қурилгандир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб ва ҳалол йўл билан ризқ топишга ва пок нарсаларни истеъмол қилишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
"Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ-ойдин душмандир" (Бақара сураси, 168-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол-пок нарсаларни ейишга даъват қиляпти. Аллоҳ таоло ер юзидаги бандалари учун яратган ноз-неъматларининг ҳалол-покларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол-пок неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, улар кўп.
«Ҳалол» сўзи луғатда «ечилган» деган маънони билдиради. Чунки ҳалол нарсадан ман қилиш тугуни ечилган бўлади. Ислом динида ейиладиган нарсанинг ҳалол бўлишига катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.
Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ:
«Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир», – деганлар.
Ушбу Оятда шайтоннинг изидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Яъни бу «Шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар», деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай, нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз, «Есам нима бўпти?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтон етовида эканига далилдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
Албатта, у сизларни фақат ёмонликка ва фаҳшга ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни гапиришингизга буюрадир. (Бақара сураси, 169-оят).
Аллоҳ таоло ўтган оятда «Эй одамлар!» деб бошлаган оммавий нидосини бу оятда давом эттириб, шайтоннинг одамларга душманлигидан уч хилини эслатмоқда:
«Албатта, у сизларни...» яъни «Шайтон сизларни...»
«ёмонликка» – нима ёмон нарса бўлса, шариатда «ёмон» дейилган, урфда «ёмон» дейилган ва ақл ҳам «ёмон» дейдиган ишларга буюради. Яна у сизларни «фаҳшга» – уят, айб ишларга буюради.
«…ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни гапиришингизга буюрадир».
Аллоҳ таолога, Унинг динига қарши ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришга амр қилади.
Аллоҳ таоло рост айтади. Дарҳақиқат, дину диёнатсиз, иймону Исломсиз шахсларнинг ишлари ва гапларига яхшилаб назар солган одам бу ҳақиқатни дарҳол тушуниб етади. Ундай шахслар шайтонга малай бўлиб қоладилар. Ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормайдилар. Дунёдаги барча ёмонликларни тап тортмай қилаверадилар. Фахш ишларни – зино, уятсизлик ва беҳаёликни ўзларига фахр биладилар. Ундай шахслар Аллоҳ таоло, дин ва шариат ҳақида оғизларига келганини бўғизларига ютмай гапираверадилар.
Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», – дейилса, «Йўқ! Балки биз ота-боболаримизни нимада топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», – дерлар. Ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоятга юрмаган бўлсалар ҳам-а?! (Бақара сураси, 170-оят).
Шайтоннинг изидан эргашганлар Аллоҳ нозил қилган Қуръонга ва Ислом ҳукмларига эргашишдан бўйин товлаб, ота-боболаридан қолган нарсаларга эргашишни афзал билишади. Бу ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Аллоҳнинг амри турганда, ундан бошқа нарсага ҳам эргашиладими? Қолаверса, ота-боболари ким ўзи? Эҳтимол, ақлсизликлари оқибатида хато йўлларда юрган одамлардир улар? Балки, ҳидоят топмай, залолатда қолган одамлар бўлгандирлар?
Кофир кишининг мисоли чақириқнигина эшитадиган ҳайвонга бақираётган кишига ўхшайди. Ваҳоланки улар кар, кўр ва соқовдир, улар ақл юритмайдилар.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди.