Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:
«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробий аёл келиб, одамларга аланглаб қаради-да, унинг (Умарнинг) олдига келиб: «Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.
«Ярфоъ! – деди Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»
«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди аёл.
«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди Умар.
Ярфоъ Муҳаммад ибн Масламанинг олдига бориб, чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.
Аёл уялиб кетди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди.
Муҳаммад ибн Масламанинг кўзларидан ёш оқди. Сўнг Умар: «Аллоҳ бизга Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Садақани то Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилгунича ўз аҳлига, мискинларга бериб турдилар.
Сўнг Аллоҳ Абу Бакрни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ унинг руҳини қабз қилгунича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилди.
Сўнг мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, бу аёлга шу ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман», деди. Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгинда, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунича сенга етиб туради. Мен уни сенинг шу ва ўтган йилги ҳаққингни беришга амр қилдим», деди».
Мусулмон раҳбарларнинг бева-бечоралар ҳаққига қандай риоя қилишини, уларнинг ижтимоий тенглик учун хизмат қилганини, оддий фуқаролар раҳбар билан қандай учрашишини, унга қандай шикоят қилишини кўриб қўйинг.
Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келтиришди. У киши уларни одамларга тарқатди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади.
Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ўтирар, одамлар эса унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилишар эди. Бир куни у ерга Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келишди. Уларнинг эгнида кеча тарқатилган кийимлар йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнг: «Аллохга қасамки, сизларга берган нарсам менга татимади», деди. Одамлар: «Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдириб яхши қилгансиз-ку», дейишди. Шунда Умар: «Мен мана бу икки болани айтяпман. Одамларнинг орасидан ўтиб келишяпти, эгниларида эса ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келибди, улар кийимларга кичик келишди», деди.
Сўнг Яманга: «Тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юборинглар», деб мактуб ёзди. У ердан икки сидирға кийим юборишди. Умар уларни икковларига берди».
Зубайр ибн Бакр Муҳаммад ибн Саломдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шифо бинт Абдуллоҳ Адавийя розияллоҳу анҳога «Эрталаб ҳузуримга кел», деб одам юборди. Шифо айтади: «Эрталаб унинг ҳузурига бордим ва Отика бинт Усайд ибн Абул Ийс розияллоҳу анҳони унинг эшиги олдида кўрдим. Кириб, бир муддат гаплашдик. (Умар) бир кийим чиқариб унга берди. Кейин бошқа бир кийим чиқариб менга берди. Мен: «Эй Умар, мен ундан олдин Исломга кирганман. Мен амакингнинг қизиман, у эмас! Сен менга одам юборгансан, у бўлса ўзи келган», дедим. У: «Мен буни сендан бошқаси учун келтирмаган эдим. Аммо икковингиз жам бўлиб қолганингиздан кейин унинг сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигини эслаб қолдим», деди».