Дунё ўзи нима?

چیست دنیا؟ از خدا غافل بدن
نے قماش و نقرہ و فرزند و زن

Ҳазрати Мавлоно Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
"Мавлоно Румий раҳматуллоҳи алайҳ бу шеърда дунёнинг ҳақиқатини баён қилиб бердиларки, дунё ўзи ниманинг номи?
Баъзи нодон одамлар, дунёни тарк қил, дунёни тепкилаб ташла, дейдилар. Мен айтаманки, агар пул бўлмаса, нон ҳам топилмайди. Унда дунёни тепкилаш учун оёқ ҳам кўтарилмайди.
Маълум бўлдики, молу-давлатнинг номи дунё эмас. Унда дунё ниманинг номи?
Мавлоно Румий раҳматуллоҳи алайҳ биргина мисрада савол қўйдилар ва айни шу мисрада жавоб ҳам бердилар.
چیست دنیا؟ از خدا غافل بدن
Айтадилар, дунё ўзи нима?
Аллоҳ таъолодан ғофил бўлишлик - Худодан ғофил бўлишликнинг номи дунёдир.
نے قماش و نقرہ و فرزند و زن
Қумашнинг маъноси, материалдир - материаллар, олтин-кумушлар, аҳли-аёл ва фарзандлар дунё эмас.
Агар бу нарсалар кимнидир Аллоҳдан ғофил қилмаса ва у Аллоҳнинг розилигига мувофиқ дунёга эга бўлса, ўз дунёсини итоатсизликда сарф қилмаса, у ҳолда бундай шахс Аллоҳнинг валийсидир. Харгиз дунёпараст эмасдир. Яна бир шахс камағалдир. Танглик ва мухтожликда ҳаёт кечиради. Лекин Аллоҳдан ғофилдир. Итоатсизликга мубталодир. Бундай шахс ҳақиқий дунёпарастдир.
Маълум бўлдики, айни давлатмандлик ва подшоҳликда одам диндор ва Аллоҳнинг валийси бўла олади. Айни камбағаллик ва мухтожликда Аллоҳдан узоқ ва ҳақиқий дунёпараст ҳам бўла олади.

Абдулқайюм Комил таржимаси

Дунё ўзи нима?
15 Февраль, 2022 йил | 1114