Тавба ва ибодатларингиз қабул бўляптими?

Мўмин ибодат қиларкан, албатта, Аллоҳ таоло амалини қабул этишидан умидвор бўлади. Қанча-қанча инсонлар намоз, рўза, закот, ҳаж ибодатларини адо этадилар, Қуръон тиловоти, зикрлар билан машғул бўладилар ва бошқа фарз, вожиботларни қоим қиладилар. Лекин мазкур амаллар Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлаяптими ёки йўқми?!

Албатта, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бирор кишини бу саволга жазм қилиб жавоб беришга журъати ҳам етмайди. Зотан, бу Аллоҳнинг ҳузуридаги илмдир.

Инсон амалини қабул бўлганини ва саъйи ҳаракатларини самара берганини қандай билиши мумкин?!

Уламолар амалларни қабул бўлганини баъзи белги-аломатларини зикр қилганлар:

1) Гуноҳларга қайтмаслик билан.

Бу – банда гуноҳ маъсиятдан нафратланиши, унга қайтишни ёмон кўришидир. Гуноҳ ишларини эслаганда маҳзун бўлиб, надомат чекса, қалби ҳасратдан сиқилса, бу унинг ибодати мақбул, тавбаси қабул бўлганининг далилидир.

يقول ابن القيِّم فى مدارج السالكين: “أما إذا تذكَّر الذنبَ ففرح وتلذَّذ فلم يُقبل، ولو مكث على ذلك أربعين سنة”

Ибнул Қайюм “Мадорижус соликин”да айтади. “(Банда) гуноҳларини эслаганда хурсанд бўлса ва лаззатланса, унинг амали қабул қилинмади. Гарчи шунга кўра қирқ йил қолса ҳам…”

قال يحيى بن معاذ: “مَن استغفَر بلسانه وقلبُه على المعصية معقود، وعزمُه أن يرجع إلى المعصية ويعُود، فصومُه عليه مردود، وباب القبول فى وجهه مسدود

Яҳё ибн Муоз айтади. “Кимки, тили билан истиғфор айтсаю, қалби гуноҳга боғланган бўлиб, азму қарори (нияти) яна гуноҳга қайтиш бўлса, унинг тутган рўзаси мардуддир. У учун қабулият эшиги беркитилгандир”.

2) Аллоҳга тоатни (бўйсуниш, итоат этиш) янада зиёда қилиш билан.

Демак, амални қабул бўлганининг аломатларидан яна бири, тоат-ибодатни янада кўпайтиришликдир.

قال الحسَن البصرى: “إنَّ مِن جزاءِ الحسَنةِ الحسَنة بَعْدَها، ومِن عقوبةِ السيئةِ السيئةُ بعدها، فإذا قبل اللهُ العبدَ فإنه يُوفِّقه إلى الطاعة، ويَصْرفه عن المعصية، وقد يا ابن آدم، إن لم تكن فى زيادة فأنتَ فى نقصان

 

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшиликнинг мукофоти, ундан кейин ҳам яхшилик қилишдир. Ёмонликнинг жазоси эса, ундан кейин ҳам ёмонликни қилишдир. Аллоҳ бандадан амалини қабул этган бўлса, уни тоат-ибодатга муваффақ қилиб ва гуноҳ маъсиятдан йироқ қилиб қўяди. “Эй одам боласи! Агар сен (тоат-ибодат) да зиёдаликда бўлмасанг, бас сен нуқсон ичрадирсан”, дедилар”.

3) Тоат ибодатларда саботли бўлиш билан.

Тоат ибодатларда саботли бўлишда катта самаралар бор.

قال ابن كثير الدمشقى – حيث قال رحمهُ الله: “لقد أجرَى اللهُ الكريمُ عادتَه بكرَمِه أنَّ مَن عاش على شيء مات عليه، ومَن مات على شيء بُعِث عليه يوم القيامة”؛ فمَن عاش على الطاعة يأبى كرَمُ اللهِ أن يَمُوت على المعصية، وفى الحديث: “بينما رجلٌ يحجُّ مع النبي صلى الله عليه وسلم فوكزته الناقة فمات، فقال النبيُّ صلى الله عليه وسلم: ((كفِّنوه بثوبيه؛ فإنه يُبعَث يوم القيامة ملبِّيًا)).

 

Ибн Касир Димашқий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Аллоҳу Карим ўз карами ила одатини шундай жорий қилдиким, албатта, ким қандай яшаса, шундай вафот этади. Ким қандай вафот этса, қиёматда шундай тирилтирилади”. Кимки тоат ибодатда яшаса, Аллоҳнинг карами уни маъсиятда вафот эттиришни хоҳламайди.

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Арафотда турган пайт туясидан йиқилиб тушди ва туянинг оёқлари остида нобуд бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни сув ва сидр билан ювинглар ва иккита матога кафанланглар, хушбўйламанглар ва бошини ўраманглар, чунки у қиёмат куни талбия айтган ҳолда тирилади”, дедилар.

4) Қалбни пок тутиш билан.

Тоат ибодатларнинг қабул бўлиш аломатларидан яна бири, қалб касалликларидан дилни поклашликдир. Аллоҳнинг муҳаббатига инобат қилиш. Унинг розилигини ҳамма нарсадан муқаддам этиш. Бирор кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учун севиш. Қалбидан кибр, ҳасад, адоват, риё, мунофиқлик каби иллатларни чиқариб ташлаш. Борлиқдаги барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканлигига буткул ишониши ва унга рози бўлиш. Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлиш. Роббисига яхши гумонда бўлишидир.

5) Охиратни эслаш билан.

Тоат ибодатларнинг қабул бўлиш аломатларидан яна бири, қалбни охиратга қараб юзланмоқлигидир. Банда Аллоҳни ҳузурида туриши ва дунё ҳаётида қилиб ўтган ишлари ҳақида ҳисоб бериши ҳақида мулоҳаза қилиши. Доим ўзини сарҳисоб қилиб юриши лозим.

Кунларнинг бирида Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ бир кишидан:

– Неча ёшдасан? – деб сўради. У киши:

– Олтмишда, – деди.

– Субҳаналлоҳ, олтмиш йилдан бери Роббингга қараб юрар экансан, етишингга оз қолибди, – деди. Киши:

– Албатта, Аллоҳникимиз ва албатта, қайтиш Унгадир, – деди.

– Албатта, Аллоҳникимиз ва албатта, қайтиш Унгадир, деган гапингнинг тафсирини биласанми? Кимки у Аллоҳ таолонинг бандаси эканини билса, қайтиш Унгалигини билса, ўзини бировни ихтиёрида эканлигини билсин. Бировни ихтиёрида эканини билган киши, масъуллигини билсин. Албатта, масъуллигини билган киши саволга жавобни тайёрлаб қўйсин, – деди.

– Бунинг чораси борми? –деб сўради.

– Осон чораси бор.

– Қолган умрингда яхшилик қиласан, шунда ўтган умрингдаги ёмон амаллар кечирилади. Қолган умрингда ҳам ёмонлик қилсанг, ўтган умрингдаги ёмонликлар ҳам олинади, – деди Фузайл ибн Иёз.

6) Амалларни ихлос билан қилиш билан.

Тоат ибодатларнинг қабул бўлиш аломатларидан яна бири – банда амалларини холис Аллоҳ учун қилиши, ибодатларида Ундан бошқалар учун бирорта ҳам насиба қолдирмаслигидир. Зотан, халқ аслида тупроқ устига тупроқ тортишдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Бир киши солиҳлардан бирига:

– Юринг, жаноза намозига борамиз, – деб айтса, у:

– Шошмай турчи, ман бир ниятимга назар солай! – дер эди.

Инсон ниятига ва мақсадига назар солсин. Шунингдек, ҳар бир қилаётган амалини, аввало, нима учун қилаётганига боқсин!

Бир киши Ҳасан Басрийнинг олдида ваъз қилди. Шунда Ҳасан Басрий:

– Ҳой киши! Сени мавъизангдан фойда олмадим. Бу ё менинг қалбимнинг касаллигидан, ё сенинг ихлоссизлигингдандир, – деди.

Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий шундай марҳамат қилади: Тавба қабул бўлишининг бир неча аломатлари бор. Булар:

1) Инсон келажакда гуноҳлардан сақланиб юради;
2) Яхши одамларга яқин бўлади;
3) Ёмонлардан узоқ бўлади;
4) Оз дунёга рози бўлади;
5) Охират тайёргарлиги ила машғул бўлади;
6) Гуноҳларига қалбида ғам бўлади;
7) Роббисидан қалбида рози бўлади;

Аллоҳ таоло барчаларимизни амалларимизни қабул айласин!

"ВАҚФ" ХЖФ Матбуот хизмати

Тавба ва ибодатларингиз қабул бўляптими?
22 Февраль, 2022 йил | 721