Имом Қарофий “Фуруқ” да айтади:
Менинг билишимча инсонлар Иблиснинг кофир бўлиши Одам алайҳис салом билан бўлган воқеага боғлик эканига иттифоқ қилганлар...
Бироқ бу жойда унинг кофир бўлишини сабаби Одамга сажда қилмагани эмас. Ундай десак ҳар бир саждага буюрилган, лекин сажда бажо қилмаган шахс кофир бўлар эди. Шунингдек, унинг кофир бўлишига сабаб ҳасади ҳам эмас эди. Унда ҳар бир ҳасадчи кофир бўлар эди.
Унинг осийлиги ва фосиқлиги ҳам куфрига сабаб бўлмаган. Ундай бўлса ҳар бир фосиқ ва осий кофир бўлар эди.
Бу масала кўпчиликка мушкил кўринди.
Билиб қўйинг! Иблисниинг кофир бўлишига сабаб шуки, у Аллоҳ таолони зулм ва ноҳақликка нисбат берди. Бу унинг “Мен ундан (Одамдан) яхшиман. Мени ўтдан яратдинг. Уни лойдан яратдинг” деган сўзидан билинади. Яъни улуғ нарсани ҳақир нарсага сажда қилишга буюриш яхши иш эмас, бу ноҳақлик ва зулм, демоқда. Мусулмонлар бир овоздан Аллоҳ таолони ушбу ишга нисбат бериш куфр эканига иттифоқ қилганлар. Чунки бу катта журъатдур.