Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилган:

Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга ташламанг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни яхши кўрадир. (Бақара сураси, 195-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни Ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга буюрмоқда.

«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» жумласида бир неча хил маъно бор.

Бири: «Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», яъни «Бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин», дегани.

Яна бир маъноси: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, «ўзини ўзи ўлдирди», – дейилади. Шунга ўхшаган бўлмасин», дегани.

Бир банданинг қўлидаги мол фақат ўзиники эмас, балки бу молда унинг оила аъзолари, ўзи яшаб турган жамиятнинг ҳам ҳаққи бўлади. (Тафсири Ҳилолдан)

Абу Исҳоқ Субайъий айтади: «Улуғларимиз молиявий яхшиликни  динга ёрдам деб билар эдилар».

“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. 

Эҳсонинг самаралари.

1. Эҳсонни ўрнини  Аллох таоло тўлдиради.  

“Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади(Сабаъ сураси 39-оят).

Ушбу оятни Ибни Касир тафсирларида: Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта У, дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофат беради, деганлар.

2. Эҳсонни қилгувчи фаришталарнинг дуосига муяссар бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”. (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ 445-бет, 1442-ҳадис)

3Эҳсоннинг ажри етти юз балки ундан хам кўпроқ бўлиб қайтади.

Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақар сураси, 261-оят)

4Эҳсон ўз сохибини жаннатга олиб боради.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай деган:

Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир. (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деган:

“Мол (бойлик) ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус)мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади.

5. Эҳсон сохиби қабр азобидан нажот топади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”.

Имом Табароний ривояти.

6. Эҳсон қилувчининг гуноҳлари кечирилади.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”.

Имом Термизий ривояти.

7. Эҳсон инсонларни хожатини раво қилиш учун берилади.

Масалан: емоқ, ичмоқ, киймоқ каби яшаш учун зарур бўлган ибодатга ёрдам берувчи нарсаларга сарфланади. Мазкур ҳожатлар қондирилмас экан, қалб дин-диёнат ва ибодат учун фориғ бўлмайди. Ибодатга етиштирадиган нарса ҳам ибодатдир.

8. Эҳсон ила киши Аллоҳга, жаннатга, одамларга яқин бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзаҳдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, саҳий жоҳил Аллоҳ азза ва жаллага бахил обиддан кўра маҳбубдир”, дедилар”.

Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоят қилганлар.

9. Эҳсон қилиш билан обрў сақланади.

Чунки бу билан ғийбатчини ғийбат (бой бўлиб, тижоратчи бўлиб, тадбиркор бўлиб эхсон қилмаган деган гаплардан), гуноҳидан ман қилади ва унинг гапи келтириб чиқариши мумкин бўлган шариатга хилоф ишларнинг олди олинади.

10. Эҳсон қилиш билан бошига қийинчилик тушганда бошқалар ҳам унга эҳсон қилишади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Инсоннинг ҳожати тушадиган ишлар жуда кўп ва турли туман. Нима эксак шуни ўрамиз. Бугун биз бошқаларга ёрдам берсак, биз муҳтож бўлганимизда Аллоҳ таоло бошқаларни бизга ёрдамчи қилиб қўяди.

11. Эҳсон қилиш мухтожларни тиламчилик хорлигидан, фақирликдан халос қилади.

Йўқлик гоҳо ўз эгасини маъсиятларга бошлайди. Маъсиятга қудрати етадиган нафсининг куйига тушса, ҳалок бўлади. Сабр қиламан деса, қийналади. Муҳтожларни маъсиятли ишларни қилиб қўймасликларини олдини олиб, доимо муҳтожларни қидириб топиб имконимиз борича ёрдамларни беришимиз лозим.

12. Эҳсон инсоннинг иймони борлигини тасдиқловчи амал.

Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради.

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)”.

Имом Термизий ривояти.

Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

13. Эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймайди.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”,– дедилар.

Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти.

14. Эҳсон Исломдаги энг яхши амал.

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир”.

Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти.

Аллоҳ таоло берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этсин.

Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир
27 Март, 2022 йил | 580