Аллоҳ таъолонинг розилиги учун ҳақиқий хақдор бўлган фақирлар, мискинларга бериладиган ёки бирор хайр ишга сарф қилинадиган молни садақа ва хайриялар дейилади. Садақа ва хайриялар Аллоҳ таъолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун бир неча шартлар топилиши зарурдир. Бир шарти ниятда ихлос бўлишидир. Унинг маъноси шуки, садақа ва хайриялар холис Аллоҳ таъолонинг розилиги учун бўлиши, хўжакўрсинлик учун бўлмаслигидир.
Аллоҳ таъоло шундай дейди:
(وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فَلِأَنْفُسِكُمْ ۚ وَمَا تُنْفِقُونَ إِلَّا ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللَّهِ ۚ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ يُوَفَّ إِلَيْكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تُظْلَمُونَ)
Яъни: "Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас".
(Бақара сураси, 272-оят)
Ихлос учун садақа махфий тарзда қилиниши муносиброқ ва афзалроқдир. Махфий садақа жаҳрий (ошкора) садақадан афзалдир. Чунки, қуйидаги Аллоҳ таъолонинг ояти ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига кўра, закотнинг хилофида, нафлий садақани махфий тарзда қилишлик афзалдир.
Аллоҳ таъоло шундай дейди:
(إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ ۖ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ ۚ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ)
Яъни: "Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади". (Бақара сураси, 271-оят)
Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, қиёмат кунида хеч соя йўқ кунда, Аллоҳнинг арши соясида сояланувчи етти тоифа ҳақида хабар берилган ҳадисда:
رجل تصدق بصدقة فأخفاها حتى لا تعلم شماله ما تنفق يمينه
Яъни: "..ўнг қўли инфоқ қиладиган нарсани, чап қўли билмайдиган даражада садақани махфий тарзда қилган киши" дейилган.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда:
صدقة السر تطفئ غضب الرب
Яъни: "Махфий садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради" дейилган.
Муфтий Муҳаммад Ризвон
А.Комил таржимаси