Яхшиликни холис қилинг – рибохўр бўлманг!
Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор ҳожатманд менинг ҳузуримга келадиган бўлса, савоб олишларингиз учун унга яхши муомалада бўлинглар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг тилидан хоҳлаган нарсасини ҳукм қилади”, – дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти.
 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган: “Ким (одамлар орасида) чиройли – ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир” (Нисо, 85-оят). 
 
Муъовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўртага тушиб одамларнинг ҳожатларини раво қилинглар, ажр оласизлар. Мен биров ўртага тушсин ва ажр олсин учун бир ишни хоҳласам ҳам, ўшани сал кечиктираман”, – дедилар». 
 
Ўртага тушувчи бу иши учун бирор нарса олиши шариатда йўқ. Бирор нарса олиш ёки манфаатдор бўлиш – ноҳақ иш. Аллоҳ таоло буни китобида баён қилган. Умар, Али, Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Масруқ розияллоҳу анҳумлардан “Ёлғонни эшитувчилар ҳаромни ейувчилар” (Моида, 42) деган оят яҳудийларга нозил бўлди. Улар ёлғончиларга қулоқ солишар, чиқарган ҳукмлари учун пора ва ўртага тушганлари учун ҳадя олишарди.  
 
Муфассирлар айтадилар: “Ҳаромдан пул топишнинг ўн беш тури мавжуд: порахўрлик, фоҳишабозлик, фолбинлик, ит, нарда, ароқ, чўчқа, ўлакса, қон, мол урчитиш, ўликка йиғлаш, раққосалик, сеҳргарлик, ҳайкалтарошлик, ўртага тушиб ҳожатини раво қилгани учун олинадиган пул”. Буларнинг барчаси ҳаром бўлиб, тоатларни ботил қилади, молнинг баракасини, динни, мурувватни кеткизади. Зеро, оятда: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар, у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур” (Тоҳа, 61), – дейилади. 
 
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир киши учун шафоатчи бўлса (яъни ўртага тушиб ҳожатини раво қилса), у одам унга бирор ҳадя қилса ва бу ҳадяни қабул қилса, ҳақиқатда рибо эшикларидан каттасини очган бўлади”, – дедилар». Абу Довуд ривояти.
 
“Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат куни қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган, мажнун каби турадилар” (Бақара, 275).
Аллоҳ таоло бу ишлардан паноҳ берсин.
 
Азизхўжа Иноятов.
Бухоро туман  “Чаҳор Бакр” 
жомеъ масжиди имом хатиби
Яхшиликни холис қилинг – рибохўр бўлманг!
16 Май, 2022 йил | 505