Яхшилик қилиш ҳақида қирқ ҳадис
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи ила бошлайман.
 
      Оламларнинг Робби Аллоҳга энг афзал ҳамду санолар бўлсин. Саййидимиз ва пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга, у кишининг оилаларига ҳамда саҳобаларига Аллоҳнинг энг буюк салавот ва саломлари бўлсин.
 
      Ҳофиз Закийиддин Абдулазим Мунзирий (ҳижрий 656 йилда вафот этганлар) “Арбаъувна ҳадийсан фи истиноъил маъруф” (“Яхшилик қилиш борасида қирқ ҳадис”) номли китоб тасниф этганлар. Қуйида ушбу ҳадисларнинг таржималари билан танишасиз:
 
      1-ҳадис. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Халқлар Аллоҳ таолонинг фуқароларидир. Аллоҳ таолога бандаларнинг маҳбуброғи оиласига манфаатлироғидир”, – дедилар». Баззор ва Табарий ривояти. 
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг яхшироғи – бошқаларга манфаати кўпроқ тегадиганидир”, – деганлар.
 
        2-ҳадис. Касир ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Авф Музаний оталаридан, у киши ҳам оталаридан ривоят қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар орасида шундайлар борки, Аллоҳ таоло уларни ҳожатбарор қилиб яратди. Уларни дўзахда азобламасликка онт ичди. Қиёмат куни уларга нурли минбарлар қўйилади. Ҳисоб-китоб пайтида Аллоҳ таоло билан гаплашиб турадилар”, – дедилар». Ибн Ҳиббон  ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Шундай бандалар борки, Аллоҳ таоло уларни ҳожатбарор қилиб яратди. Улар охират учун ибодат қиладилар, саховатпешаликни савоб деб биладилар. Аллоҳ таоло гўзал хулқни севади”.
 
       3-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шундай бандалар борки, Аллоҳ таоло уларни ҳожатбарор қилиб яратди. Одамлар уларга ўз ҳожатларини ҳавола қилишади. Ана ўшалар Аллоҳнинг азобидан омондадирлар”, – дедилар». Абу Нуъайм ва Қузоъий ривояти. 
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродарининг ҳожати учун ҳаракат қилса, уни раво қилса ҳам, қилолмаса ҳам Аллоҳ таоло унинг ўтган ва келгуси гуноҳларини мағфират қилади. Унга икки нарса: дўзах ва мунофиқликдан халослик ёзилади”, – дедилар». 
 
       4-ҳадис. Ибн Умардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарининг ҳожатини раво қилса, мен қиёмат куни унинг тарозиси олдида тураман. Агар савоблари оғир келса, нажот топди. Агар тарозиси енгил келса, уни ўзим шафоат қиламан”, – дедилар». Абу Нуъайм ривояти.
Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси банда мусулмон биродарини иши тушганда ёрдамсиз қолдирса, Аллоҳ таоло уни гуноҳкор ва ажр олмайдиганлар билан имтиҳон қилиб қўяди”, – дедилар».
 
       5-ҳадис. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ёки унга манфаат бериш учун ҳаракат қилса, унга Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчиларникидек савоб берилади”, – дедилар». 
Абу Бакр Хароитий “Макоримул ахлоқ” китобларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилишга интилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига 70 та савоб ёзади ва 70 та гуноҳини кечиради. Агар унинг ҳожатини раво қила билса, онадан туғилгандек гуноҳдан фориғ бўлади. Агар ёрдам бераётган ҳолатда вафот этса, ҳисоб-китобсиз жаннатга киради”, – дедилар».
 
        6-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродари билан султон ўртасида восита бўлиб, унга бирор яхшилик етиши ёки машаққати осон бўлишига сабабчи бўлса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг сирот кўпригидан ўтишига ёрдамчи бўлади”, – дедилар». Абу Тоҳир Мақдисий ривояти.
 
       7-ҳадис. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилса, умрини Аллоҳ ибодатига бағишлаганлардек савоб олади”, – дедилар». Имом Бухорий “Тарихи кабир”да ривоят қилганлар. 
Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилиш йўлида юриб, мушкулини осон айласа, Аллоҳ таоло унга 75 минг фариштани вакил қилиб қўяди. Эрталаб яхшилик қилса то кечгача, кечқурун яхшилик қилса то тонггача унинг ҳаққига дуо қиладилар, саловот айтиб турадилар. Бу йўлда ҳар бир босган қадамига Аллоҳ биттадан савоб ёзади ва биттадан гуноҳини ўчириб боради”, – дедилар».
 
       8-ҳадис. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон биродарининг айбини билса-да, уни беркитган кишини Аллоҳ таоло албатта жаннатга киритади”, – дедилар». Имом Табароний ривояти.
Уқба ибн Омир Жуҳанийдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродарининг камчилигини кўрганда уни ошкора қилмасдан ёпса, гўё тириклайин кўмилган қизни қабридан қайта тирилтирган каби савобга эришади”, – дедилар».
 
      9-ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг машаққатини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло унинг машаққатини енгиллаштиради. Ким бир мўминнинг камчилигини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбларини беркитади. Дўстининг кўмагида бўлганларга Аллоҳ ҳамиша мададкор бўлади”, – дедилар». Ибн Абу Дунё ривояти.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонга ёрдам берса, Аллоҳ унинг ёрдамчиси бўлади”, – дедилар».
 
       10-ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмондан машаққатни кетказса, Аллоҳ унга бутун оламни мунаввар қиладиган икки нур беради. Унинг қандайлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, – дедилар». Табароний ривояти.
 
Манбалар асосида Азизхўжа ИНОЯТОВ тайёрлади.
Яхшилик қилиш ҳақида қирқ ҳадис
27 Май, 2022 йил | 1429