Кимга фойда, кимга зарар?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, аҳоли “Румо” қудуғидан сотиб олиб сув ичар эди. Бошқа қудуқлардаги сувлар шўр эди. “Румо” қудуғи бир яҳудийнинг шахсий мулки эди. У халққа сув сотиб, шунинг ортидан мўмай даромад кўрар эди.

Бир куни Набий алайҳиссалом: “Шу қудуқни ўзининг шахсий маблағига сотиб олиб, ўзи қандай фойдаланса, мусулмонларга ҳам шу ҳуқуқни бера оладиган ким бор? Ким буни қилса, жаннатда унинг учун улкан мукофот бор”, дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Бу сўз ўрта бўйли, гўзал юзли, серсоқолли, қорамағиз, кенг елкали, хушбичим кийинган бир кишининг секингина масжиддан чиқиб кетишига сабаб бўлди. Бу саховатпеша Усмон розийаллоҳу анҳу эди.

У “Румо” қудуғи сари кетаётган эди. У ерда қудуқ эгаси яҳудий билан учрашди:

– Сендан бу қудуқни сотиб олиш учун келдим.

– Қудуқ сотилмайди.

–   Лекин мен сенга катта пул бераман.

– Барибир сотмайман. Бу менинг даромад манбаим.

– Мен уни сендан катта маблағ эвазига сотиб олиш учун келдим.

Яҳудий бироз ўйланиб туриб:

– Сенга бу қудуқнинг ярмини сотишим мумкин.

– Розиман.

Савдо ўн икки минг дирҳамга пишди. Келишувга кўра, қудуқдан бир кун яҳудий, бир кун мусулмонлар фойдаланадиган бўлишди. Ҳар икки томон бу савдодан мамнун бўлди. Яҳудий мўмай даромад топишидан хурсанд эди. Саховатли киши эса умридаги энг баракали савдо қилганига ишончи комил эди. Бу ердан ичиладиган ҳар қултум сув учун Буюк Раббимиз унга улуғ мукофотлар беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмон бирор дарахт экса, унинг мевасидан ейилса, у одам учун садақадир. Бу дарахтнинг меваси ўғирланса, у учун садақадир. Йиртқич ҳайвонлар, қушларнинг ейиши ҳам садақадир. Бирор кишининг ундан фойдаланиши ҳам унга садақадир”, деганларида, у зотни ҳамма жон қулоғи билан эшитди(Имом Бухорий, “Ал-адаб ал-муфрад”).

Яҳудий уйига қайтаётиб, чўнтагини тўлдирган пулнинг ҳароратини ҳис этар, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу эса Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳни хушнуд этадиган иш қилганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Масжид сари кетаётиб, қадамлари янада жадаллашар, тезроқ Пайғамбаримизга хушхабар етказишни ошиқаётган эди.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳамма инсоннинг ҳам қўлидан келавермайдиган, ҳамма сахийлар ҳам бажара олмайдиган ишни муваффақиятли уддалаган эди. У Расулуллоҳ ҳузурларида тиз чўкди. Қудуқдан сув олиш кунора унинг ҳаққи эканини, мусулмонлар ўша кунлари тортинмасдан сув олишларини маълум қилди. Шундай қилиб, мусулмонлар сув борасида эркин нафас ола бошлашди.

Яҳудийнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Чунки ҳамма Усмон розияллоҳу анҳунинг навбати келганда сув олар, яҳудийнинг гали келганда, ҳеч ким қудуқ яқинига ҳам йўламасди. Яҳудийнинг бир чораси қолди. У келиб ҳазрати Усмоннинг эшигини қоқди:

– Қудуқнинг қолган ярмини ҳам сотмоқчиман, – деди.

Лекин бу сафар ҳазрати Усмон аввалгидек иштиёқда эмас эди. Қудуқнинг иккинчи ярми саккиз минг дирҳамга сотиб олинди. Шу тарзда биринчи ярим билан иккинчи ярим бир-бирини тўлдирди. Шундан сўнг мўминлар исталган пайтда келиб, сувларини ола бошлашди.Айни дам, сиз ушбу мақолани ўқиётган чоғингизда ҳам мамлакатимизнинг қайсидир олис ҳудудларида ватандошларимиз тоза ичимлик сувига муҳтож ҳолда яшамоқдалар...

Азиз саховатпеша ҳамюртлар, сизда ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу каби Аллоҳ ва Расулига севикли бўлиш имконияти бор. Бунинг учун юртимизнинг олис қишлоқларида муҳтожлар учун тоза ичимлик суви чиқараётган "ВАҚФ СУВЛАРИ" лойиҳасида фаол иштирок этинг!Имкон даражасида хайрия қилиб, лойиҳамизга ҳисса қўшинг!

Bank rekvizitlari:
"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди
ҳ/р: 20212000100881753016
МФО: 00837
ИНН: 207276595

Кимга фойда, кимга зарар?
16 Июнь, 2022 йил | 739