Сизда бор бўлган неъмат кўпчилик учун орзу...

Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ушбу ҳақиқатни очиқ-ойдин баён қилиб қўйган.

Қуръони Каримда Аллоҳ сувни ҳаётнинг асосий унсури сифатида яратгани алоҳида қайд этилади. Дарҳақиқат, бугун ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 «...ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганмиз» (Анбиё сураси, 30-оят).

Бошқа бир оятда эса:

«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди», дейди (Нур сураси, 45-оят).

Шундан англаш мумкинки, барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сувдир. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Илмли кишиларнинг таъкидлашича, сув инсон жисмининг асосий унсури бўлиб, унинг етмиш олти фоизини ташкил этади. Шунингдек,  бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсури сувдан иборатдир. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир килограмм қанд ишлаб чиқариш учун минг литр чучук сув, бир килограмм буғдой етиштириш учун эса бир ярим минг литр сув керак бўлади. Худди шу ҳол саноатда ҳам кузатилади. Масалан, бир килограмм пўлат ишлаб чиқариш учун тўрт литр сув зарур ва ҳоказо.

Ислом дини назарида сув Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уни зое ва ифлос қилмаслик лозим. Ислом умматининг ўтган авлодларининг сувга бўлган эътиборлари шу даражага етганки, ҳатто уламоларимиз фиқҳ китобларида «Денгиздан олганда ҳам сувни исроф қилмаслик ҳақида» деган боблар очганлар. Бу ҳукмга эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил қилиб келтирганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат  қилар эдилар».

Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат ҳисобланган таҳорат ва ғусл қилиш ишларида ниҳоятда тежамкор бўлганлар, деганидир. У зот алайҳиссаломнинг умматлари – сиз билан биз мўмин бандалар барча нарсаларда бўлгани каби, сувни тежамкорлик билан ишлатишда ҳам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз лозим.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: «Бу қандоқ исрофгарчилик, эй Саъд?» дедилар. «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди у. «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам», дедилар у зот». 

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатлардир. Шундай нарсаларда исроф жоиз бўлмаганидан кейин, ибодат ҳисобланмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас. Аммо ҳаётий воқеликка назар соладиган бўлсак, тамоман тескари ҳолатни – сувни иложи борича тежашнинг ўрнига унинг ҳаддан ташқари исроф қилинаётганини кўрамиз.

"Исроф" китобидан

Сизда бор бўлган неъмат кўпчилик учун орзу...
6 Октябрь, 2022 йил | 395