Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Халқимиз доимо хайрли ишлар қилишга ундаб: "Садақа радди бало" деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳ таоло йўлида хайрли ишларни амалга оширса, Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритади. Аллоҳ таоло розилигини қўлга киритган инсон эса ҳар қандай офат-балолардан омонда бўлади.
“Садақа” сўзи арабча “сидқ”, “содиқ” сўзларидан олинган бўлиб, “чин юракдан”, “ сидқи дилдан”, “иймон-эътиқодга мос ҳолда иш бажариш” деган маъноларини англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “ садақа” сўзига бундай изоҳ берилади: “Садақа (арабча) – хайр, эҳсон, садақа, муҳтожларга бериладиган хайру-эҳсон”.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-садақа қилишга буюриб бундай марҳамат қилади: “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар)” (Муҳаммад сураси, 38-оят).
Хайр-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Балки бойлигига барака киради. Ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.
Хайр-садақа қилиш билан банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади.
Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам садақа қил. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради”, дедилар.
Садақа қилиш ёмонликларнинг даф бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради", дедилар.
Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз қўли билан камбағалга (садақа) бериши, уни ёмон ҳолларга тушиб қолишидан сақлайди”, деганлар.
Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!
Манба