بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴿31﴾
«Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Мана шу ояти карима Аллоҳ таолога муҳаббатим баланд дейдиган, лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни барчадан кўра кўпроқ яхши кўрмайдиган ҳар бир киши учун ажримдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати бўлмаган, у зотнинг суннатларига риоя қилмайдиган, гўзал одоб-ахлоқлари билан хулқланмайдиган киши комил мўмин бўла олмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган). Ҳадис Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
“Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз…” Ушбу ояти каримадан келиб чиқиб, муфассирлар Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббати юксак, у зотнинг суннатларига риоя қиладиган инсон бирор нарсани Аллоҳ таолодан сўраса, Раббимиз унга тилаганидан ҳам афзалини беради, деганлар.
Ҳукамолар айтадилар: “Равиш сенинг севишинг эмас, балки севилишингдир. Севилиш эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат туфайли бўлади”.
“Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади”. Демак, бизнинг гуноҳларимиз кечирилиши учун, аввало, Аллоҳ таолони севишимиз ва Набий алайҳиссаломга эргашмоғимиз шарт.
Ҳаж мавсумида бутун олам мусулмонлари дийдорлашади. Маккаю Арафотга одам сиғмайди, бамисоли уммон сувларидек оломон муқаддас заминларда чайқалади…
Маккада тўрт ҳожи биргаликда такси тўхтатдик. Ҳайдовчи илтифотли, табассумли, ажнабий йигит эди. У машинани ўт олдираётиб ҳам, бураётиб ҳам, тўхтаётиб ҳам: “Соллаллоҳу ъала Муҳаммад” деб қўярди. Мен қизиқиб: “Нега “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” демайсиз?!” – дедим.
Шунда ҳайдовчи ушбу ривоятни айтиб берди: «Бир куни Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, сизлардан бирингиз, то мен унга отасидан, боласидан кўра севиклироқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бу гапни эшитган ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, энди сизни ўзимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман”, деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана энди мукаммал бўлди, эй Умар”, дедилар».
Мана, муҳаббат ва фидойиликнинг олий намунаси!
Ояти каримада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш сари етакловчи муҳаббат экани айтилган.
Киши дуо қилганда нафсининг талабларини, яъни менлигини олдинга қўяди. Аллоҳнинг суюкли Пайғамбарини Раббимиз учун ўз нафсидан-да юқори қўйиб, сева олиш ҳисси ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган буюк муҳаббат ҳисси Аллоҳга итоат ва илоҳий ишқни шакллантиради. Холиққа бўлган муҳаббат барча махлуқотга меҳр қўйишга асосдир. Ҳис-туйғуларимиз, фикру ўйларимиз олий ишқ билан нурланиб, бизларни яхши амаллар сари чорлайди.
Қалб шундай бир жойки, барча олам севгиси унга жо бўлиши мумкин. Бунинг учун дастлаб оламлар Парвардигорини сева олиш керак. Бу севги муаллими Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Ота-онага муҳаббат ва фидойилик ҳам буюк муҳаббатдан улги олади. Илмга иштиёқ, олим бўлишга интилиш ҳам мазкур муҳаббатдан пайдо бўлади. Камтарлик, ширинсуханлик, ҳар лаҳзада нафсни назорат эта олиш ҳисси ҳам ушбу буюк муҳаббат сабабли содир бўлади.
Ўзларини, жонларини Аллоҳ ва умматлари учун фидо қила олган, ўлимлари олдидан: “Эй Олий дўст, умматимнинг аҳволи нима бўлади?!” деган Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ўйлаганлар. Ҳамма инсон ўлим талвасасида ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Фақат Набий алайҳиссалом умматларининг ғамини еганлари тарихда кузатилган ўта ноёб ҳодисадир.
Пайғамбаримизнинг дўсти, ғордаги шериги ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк муҳаббатларини кўриб, кузатиб, у зотдан ибрат олиб, бундай деганлар: “Эй Раббим! Менинг танамни шу қадар катта қилгинки, дўзах чоҳига қопқоқ бўлсин-у, Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати унга сиғмай қолсин”.
“Астағфируллоҳ”, “Субҳоналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” десак, буларни ўзимизнинг фойдамиз учун айтган бўламиз. Чунки бу зикрлар замирида нафсимиз насибаси ҳақида ўйлаш, дўзахдан паноҳ тилаш бор. Аммо Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтиш орқали фидойиликни ўрганамиз.
Салавотни ўзимиз учун эмас, балки оламлар Сарвари учун айтамиз. Лекин бунда ҳам ўзимиз учун манфаат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн марта салом йўллайди”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳга муҳаббат кишининг ашъор битишига туртки беради:
Муҳаббат бор ҳамду наъти – зикри бор жойда.
Муҳаббатсиз қуруқ гапдан кимга не фойда?
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Муҳаммад!
Абдумутал ОТАБOЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти вакили ўринбосари
Ҳидоят журналидан