Яхшилик мукофотсиз, ёмонлик жазосиз қолмас

«Эзгу иш қилганларга чиройли (савоб – жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳ­нинг дийдорини кўришлик) бордир. Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Айнан ўшалар жаннат аҳлидир­лар, улар у ерда мангудирлар. Гуноҳ ишларни қилганларга эса, ҳар бир гуноҳга ўшанинг баробарида жазо (бордир) ва уларни хорлик қоп­лар. Улар учун Аллоҳ тарафидан сақловчи йўқ. Уларнинг юзлари гўё зулматли туннинг бир бўлаги билан қоплангандекдир. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангудирлар» (Юнус сураси, 26–27-оятлар).

“Эзгу иш қилганларга чиройли (савоб – жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир”. Яъни, тавҳид аҳлига жаннат ва Аллоҳнинг жамолига назар солиш бор. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламдан Аллоҳ таолонинг “зиёдалик” ояти ҳақида сў­рашди. У зот алайҳисса­лом: “Дунёда гўзал амал қилган­ларга чиройли – жаннат ва зиёдалик – Аллоҳ таолонинг жамолига назар солиш бор”, дедилар.

Имом Муслим раҳима­ҳуллоҳ Суҳайб розийалло­ҳу анҳудан, у киши Набий алайҳиссаломдан ривоят қи­лади. У зот айтдилар: «Жаннат аҳли жаннат­га кир­ганда, Аллоҳ азза ва жал­ла: “Бирон нарса­ни зиёда қи­либ беришим­ни хоҳлайсизларми?!” дей­ди. Шунда бандалар: “Ахир, юзларимиз оқарди, жан­натга кирдик, дўзахдан нажот топдик-­ку?!” дейи­шади. Пар­да кўтарила­ди. Раббилари азза ва жал­ланинг жамолига назар солишдан кўра бан­даларга севимлироқ бирон нарса берилмади».

Имом Насоий ҳам Суҳайб розийаллоҳу анҳудан ри­воят қилади. «Набий алай­ҳиссаломдан: “Эзгу иш қил­ганларга чиройли (савоб – жаннат) ва зиёдалик (Ал­лоҳнинг дийдорини кўриш) бордир” ояти ҳақида сўрал­ганда, у зот алайҳиссалом бундай жавоб қилдилар: “Жан­нат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кирганда, бир нидо қилувчи: “Эй аҳли жаннат, сизларга Аллоҳ тао­лонинг ваъдаси бор. У сизни мукофотлашни истайди”дейди. (Нидо қилувчи жаннат аҳлига у ердаги аввал­ги ва охирги киши эшитадиган ­овоз­да сўзлайди). Шунда жан­нат аҳли: “Юзимиз ёруғ бўл­ди, тарозимиз оғир келди, дўзахдан озод этилдик-ку?!” дейди. Парда кўтарилади, улар Парвардигорга қа­ра­шади. Аллоҳга қасам, Пар­вардигорга назар со­лиш­дан кўра уларга севим­лироқ ва кўзларини қувон­тирувчироқ бирон нарса берган эмас».

Убай ибн Каъб айтади:Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолонинг Каломидаги икки зиёдалик ҳақида сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Раҳ­моннинг юзига назар солиш”, деб жавоб бердилар.

Бир ўринда зиёдалик” бу бир яхшиликнинг ўн ба­робари ва ундан ҳам орти­ғига кўпайтирилишидир, дейилади. Ибн Аббоснинг ривоятида Али ибн Абу То­либ розийаллоҳу анҳумо: «Зиёдалик” бу марварид­дан қурилган уй бўлиб, ун­даги ҳар бир хонанинг тўрт мингдан эшиги бор”, деган.

Мужоҳид: “Зиёдалик”ни Аллоҳ таолонинг мағфирати ва розилигидир”деб тафсир қилган. Абдураҳмон ибн Зайд ибн Аслам: “Чиройли”яъни, жаннат ва “зиёдалик” Аллоҳ таолонинг дунёда фаз­лидан берган нарсаларини қиёмат куни ҳисоб-китоб қилмаслигидир”, деб фикр билдирган.

Абдураҳмон ибн Собит: «“Чиройли” бу хушхабар, “зиё­далик” Аллоҳ таолонинг жамолига назар солишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай мар­ҳамат қилган: “У кунда баъзи юзлар яшновчи, Пар­вардигорларига боқиб турувчидир” (Қиёмат сураси, 22–23-оятлар)», дея тафсир қилади.

Язид ибн Шажара бундай дейди: «“Зиёдалик” булут­ларнинг жаннат аҳли устидан юриб, уларга шу вақтгача кўринмаган барча ноёб нар­саларини ёғдиради ва: “Эй жаннат аҳли, сизларга нима ёғдиришимни истайсиз?” деб сўрайди. Шундан кейин улар нимани хоҳлашса, ўшани ёғдиради».

Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорликҳам қопламасЯъни, уларни қоралик”ғубор, хорликҳамдўзах аҳли каби шар­мандалик ҳам “қопламас”етмас,ўраб олмас. Яъни, Аллоҳ таоло ҳузурида тўп­ланишганда,уларга ғубор етмас ва хор­лик ўраб олмас. Ибн Аббос “қоралик”ни юзнинг қо­райиши”, деса, Ибн Баҳр “дў­захнинг тутуни”, деган.

Айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар, улар у ерда мангудирларЯъни, жаннат аҳллари ҳеч бир араз, шунингдек, дўзахнинг ту­туни ва шу каби бирон ғубор қайғу етмаган ҳолда жаннатда абадий қоладилар.

Гуноҳ ишларни қилган­ларга эса…” Яъни, дунёда ёмон ишлар, гуноҳи каби­ра, Аллоҳ таолога осийлик, Пар­варди­гор ва Расулига кофир бўлиш, динни ёл­ғон­гачиқариш каби турли гу­ноҳ­ларни содир этганларга ҳар бир гуноҳга ўшанинг баробарида жазо (бордир)дунёда қилган ёмон амаллари баробарида охиратда Аллоҳ таолодан иқоб бордир. Бундан ортиқ зиёда қилинмас. Улар зулм кўр­маслар..

Бир ўринда“жазо”дан мурод дўзах дейилган. “Ва уларни хорлик қоплартубанлик ва шармандаликўраб олади. Улар учун Аллоҳ тарафиданяъни Парвардигорнинг азоби­дан сақловчи йўқулар­ни азобланишдан ҳеч ким тўхтатиб, қутқариб қолол­майдиУларнинг юзлари гўё зулматли туннинг бир бўлаги билан қоплан­гандекдир.

Абу Жаъфар“Гуноҳ ишларни қилганларнинг юзларига тун зулматидан кийдирилади”, деганАна ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангудирлар” (Юнус сураси, 26–27-оятлар). Жаннат ва дўзахаҳли ўртасидаги фарқ жуда катта. Уларнинг орасида ҳеч бир алоқадорлик йўқ.

Мифтоҳиддин РОЖИДДИНОВ

Андижон шаҳридаги «Девонабой» жоме масжиди имом-хатиби.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан

Яхшилик мукофотсиз, ёмонлик жазосиз қолмас
9 Декабрь, 2022 йил | 373