Яхшилик қилсанг, яхшилик кўрасан

Муқаддас динимиз – ғоят гўзал, барча замон ва маконларга мос ва хос. Исломнинг гўзаллиги шундаки, мусулмон киши ўзига раво кўрган нарсасини дўстига, биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Шу боис динимизда инсонлар фақат яхшилик қилишга даъват этилади. Қилинган яхшилик туфайли кўнгиллар равшан тортади, ўзгача руҳий тетиклик туюлади, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик барқарор бўлади.

Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 60-оятида: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир», деб марҳамат қилади. Муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугунги карантин даврида ҳар қачонгидан ҳам кенг қулоч ёяётганининг боиси шундаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Ҳақиқатан, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши эзгу амаллар устига бино қилинган. Қадимдан бир майизни қирқ бўлишиб ейишга одатланган халқмиз. Қўшнимиз оч экан, ўзимиз тўқ ҳолда ухлай олмаймиз. Бунга бизнинг диний, маърифий маданиятимиз асло йўл қўймайди. Бугунги синовли кунларда халқимиз муҳтожларга ўзининг нонини бермоқда, кийимини улашмоқда.

Хабарингиз бор, коронавирус инфекцияси туфайли бу йилги муборак ҳаж амалини бажариш чекланди. Бундай фурсатни ғанимат билган саховатпеша юртдошларимиз Исломнинг бешинчи арконини адо этиш учун йиғган маблағларини эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга ҳадя қилмоқда. Бу эзгу анъаналаримизни, урф-одатларимизни бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.

Атрофимизда умри давомида яхши ниятлар билан тўплаган маблағларини кўмакка муҳтожлар оилаларга тарқатаётган, уларга уй-жой қуриб бераётган, энг муҳими, ҳаётий эҳтиёжларини қондираётган ватандошларимиз кўплаб топилади. Уларни ҳақли равишда ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ дейиш мумкин. Зеро, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея илтифот қилади.

Ўз вақтида қилинган эҳсоннинг савоби улуғ бўлади. Ўзи муҳтож бўла туриб, ўзгаларга эзгулик улашган, уларнинг кўнглини кўтарган кишининг икки дунёси обод бўлиши тажрибада кўп кузатилган. Муҳтарам Президентимиз айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратаётганлари бошига кулфат тушган кишиларнинг кўнглини кўтармоқда.

Юртбошимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайти табригида бугунги мураккаб пандемия даврида ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб боришининг алоҳида жиҳатларини баён қилдилар. Бу – барчамиз учун ибрат, қилинажак эзгу ишларимизнинг асосий режаси бўлиши шарт.

Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қуввалашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлди. Фармонга биноан, 2020 йил 1 сентябрдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 минг 470 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар ҳамда ногиронлик нафақалари ойига 513 минг 350 сўм этиб белгиланди.

Дунёда иқтисодий инқироз кечаёитган бир пайтда халқимизга бу қадар ҳиммат кўрсатилиши, ўйлайманки, ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Бу неъматларга шукр қилиб, ушбу синовли кунларда осойишталикни сақлаган ҳолда, балоларга сабрли бўлиб, дуою фотиҳалар қилишимиз айни муддаодир.

Хулоса сифатида ушбу ҳадисни келтирмоқчиман: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”.

Ҳа, азизлар, хулоса ўзингиздан.

 

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Яхшилик қилсанг, яхшилик кўрасан
12 Декабрь, 2022 йил | 293