«Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси, 160-оят).
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ояти каримани бундай тафсир қилганлар. “Кимки бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” – Аллоҳ таолонинг бу сўзида мукофот берилиши тайин этилди. Чунки Парвардигор: “унга бундай, бундай мукофот бўлади”, демоқда.
“Ким бир ёмонлик қилса, унга фақат қилганига яраша жазо бўлур”. Бу оятда эса жазо тайин этилмади (яъни Аллоҳ кечирса, жазо берилмаслиги мумкин).
Яхшилик, мурувват ва саховатнинг мукофоти фазл ва эҳсондир. Чунончи, кимга неъмат берилса, бу Аллоҳ таолонинг унга инъомидир. Аммо бандага инъом этилган бу неъматга кўрнамаклик қилса, шунга яраша азоб, уқубатга гирифтор бўлади.
Аллоҳ таолонинг: “Кимки бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” сўзи зиёда ҳам бўлмайди, камайтирилмайди ҳам, дея чеклаш эмас, балки улуғлаш маъносидадир. Чунки Аллоҳ йўлида инфоқ қилинса, етти юз маротаба зиёда бўлиши хабари берилган.
Оятнинг арабча матнида “ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَة” “ким яхшиликни олиб келса” ва “وَمَنْ جَاءَ بِالسَّيِّئَةِ” “ва ким ёмонликни келтирса…” иборалари қўлланилган. Аллоҳ таоло “яхшилик келтирса…, ёмонлик келтирса …” демоқда. Бу билан Аллоҳ таоло бандаларига амалларнинг хотимасига эътибор қаратишни билдирмоқда.
Ҳадиси шарифда: “…амаллар хотимасига боғлиқ” (Имом Бухорий ривояти), экани баён этилган. Ким яхшилик қилиб, унинг савобини йўқ қилмасдан охиратга ўзи билан олиб борса, унга улкан мукофотлар бўлади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридагина жазо берилур. Эркакми, аёлми – кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур» (Ғофир сураси, 40-оят).
Аллоҳ таоло ёмон амаллар қилган кишига фақат шу амали миқдорича жазо беради. Аммо эзгуликлар қилган инсонларларнинг мукофоти охиратда зиёда қилиб берилади. Бу эса Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлигидан далолат. Ушбу оят муътазилийларнинг ақидасига раддиядир. Чунки улар гуноҳи кабира қилган инсон дўзахда абадий қолади, дейишади.
Агар улар айтганларидек бўлганда эди, гуноҳи кабира қилган инсон билан ширк келтирган кимса баробар бўлиб қоларди. Оятда гуноҳ қилганлар амали миқдорича жазоланиши айтилмоқда. Муътазилийларнинг фикри оятнинг зоҳирий маъносига ҳам хилофдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки яхшилик қилишни хоҳласа-ю, (қилмоқчи бўлиб) уни амалга ошира олмаса, унга бир яхшилик савоби ёзилади. Агар уни амалга оширса, ўн баробар зиёда қилиб номаи аъмолига битилади. Кимки ёмонлик қилмоқчи бўлиб, уни қилмаса, унга ҳеч нарса ёзилмайди. Агар уни қилса, фақат бир ёмонлик ёзилади”, дедилар» (Имом Муслим, Ибн Можа ривояти).
Айрим таъвил аҳлининг айтишича, оятдаги “ким яхшилик билан келса” дегани, яъни Аллоҳ таолога имон келтириб, сўнг яхшилик қилса, унга “ўн мислидек” бўлади.
Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ким: “Лаа илаҳа илаллоҳ” деб дил билан тасдиқлаб, тил билан имон келтирса, шу дунёда ҳар бир яхши амали учун ўн баробар савобга эга бўлади.
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўнг томон фариштаси чап томон фариштасининг амиридир. Агар банда яхши амал қилса, бунга ўн баробар ёзилади. Агар банда ёмон (гуноҳ) амал қилса, чап томон фариштаси уни ёзишни хоҳлаётганда, ўнг томон фариштаси: “Тўхта, ёзмай тур!” деб амр қилади. Шунда чап томон фариштаси ёзмай, бир муддат кутиб туради. Агар банда қилган ёмон иши учун афсусланиб, гуноҳининг кечирилиши сўраб тавба қилса, ҳеч нарса ёзилмаскан. Тавба қилмаса, бир гуноҳ ёзилади”» (Имом Суютий, “Дуррул мансур”).
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Уламолар ёмонликни тарк қилувчи инсон ҳақида айтадилар: .
Ёмонлик қилмай, уни тарк этувчи киши уч тоифадир:
Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки мусулмон бир-бирига қилич тираса, қотил ҳам, ўлган ҳам дўзахга тушади”, дедилар. Шунда айтишди: “Ё Расулуллоҳ, қотил-ку аниқ, лекин ўлдирилган-чи: (нега у дўзахга тушади)?” У зот: “У ҳам шеригини ўлдиришга қасд қилган эди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“…уларга ноҳақлик қилинмагай”, яъни барчаларига зулм қилинмас, белгиланган жазо зиёда этилмайди, озайтирилмайди ҳам.
Мухтасар айтганда, Аллоҳ таолонинг раҳмати улуғ, марҳамати чексиз. Раббимизнинг инояти, яъни бир ёмон ишга бир гуноҳ ёзилиши гуноҳ ишларга эмас, аксинча, бир яхшиликка ўн баробар қайтарилиши бизни эзгуликларга ундаши лозим.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” ва Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим” асарлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.