"Мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай"



Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. 

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-садақа қилишга буюриб бундай марҳамат қилади: “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар) (Муҳаммад сураси, 38-оят).

Хайр-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Балки бойлигига барака киради. Ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.

Хайр-садақа қилиш билан банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога“Эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам садақа қил. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради”, дедилар.

Садақа қилиш ёмонликларнинг даф бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради", дедилар.

Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан  улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз қўли билан камбағалга (садақа) бериши, уни ёмон ҳолларга тушиб қолишидан сақлайди”, деганлар.

Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!

Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлиги да ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.    
Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:    
«Бир киши Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди. Сўнг фоҳишага қўл урди ва Аллоҳ амалини ҳабата қилди. Кейин шол бўлиб ўтириб қолди. Бас, мискинларга садақа қилаётган бир кишини кўрди ва олдига бориб ундан бир дона нон олди. Кейин ўша нонни бир мискинга садақа қилди. Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди ва унга етмиш йиллик амалини қайтарди».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:    
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва аалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар
».

Абу Заъродан ривоят қилинади:    
«Абдуллоҳ айтди: Сиздан аввалги қавмлардан бир одам Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди. Сўнг бир гуноҳ иш қилиб қўйди. Бас, тортилганда гуноҳ ибодатдан оғир келди. Бас, у олтита ёки учта нонни садақа қилди. Уларни хатоси ила тортиб кўрилди. Нонлар оғир чиқди».

Аллоҳ таоло барчаларимизни садақа берувчи, яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин!

 

8 Февраль, 2023 йил | 421