«Вақф» сўзи луғатда «тўхтатиш», «тутиб қолиш» маъносини англатади. Шариатда эса молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи белгилаган/кўрсатган шаръий мақсад учун сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди.
Қуйидаги ояти карима вақфнинг шариатда жорий қилинишига далолат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа (эҳсон) қилинглар!” (“Бақара” сураси, 267-оят).
Вақфга алақодор энг машҳур ҳадислардан бирига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис мисол бўла олади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи вафот этганда, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жория, манфаатланадиган илм ва унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар»
Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жория» дир. Жорий садақа давомли садақа бўлиб, вақф шу доирага тушади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга амал қилган пайтларида бардавом савобдан умидвор бўлиб кўплаб вақфлар қилганлар ва бева-бечора, фақир-камбағалларни ана шу вақфлар ҳисобидан таъминлаб турганлар. (“Ҳадис ва ҳаёт” 11-жуз) .
Вақфга доир ҳукмлардан яна бири шуки, вақф қилувчи шахс бир шарт қўйса ва бу шарт шариатга хилоф бўлмаса, унга амал қилиниши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар қилган шартлари устидадир, ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган шарт бундан мустасно», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Чунки, Умар розияллоҳу анҳу вақф қилганлар ва бунда шарт қўйганлар (яъни Самғ деган жойдаги ерлари вафот этишлари билан вақф (садақа) қилинишини васият қилган эдилар.
Ўз мулкини вақф қилувчи инсон қуйидаги шартларни қўйиши мумкин:
1) Вақф мулкидан фақат бир тоифа инсонлар фойдаланишини шарт қилиш (масалан, бу бинодан фақат талабалар фойдалансин, каби);
2) Вақф мулкидан фойдаланишда бир тоифани иккинчи тоифадан устун кўришни шарт қилиш (масалан, аввал талабаларга, улардан кейин шифокорларга сарфлансин, каби);
3) Вақфга ҳақдор бўлувчида бир сифатнинг бўлишини шарт қилиш;
4) Вақфга ҳақдор бўлувчида бир сифатнинг бўлмаслигини шарт қилиш;
5) Вақфга назоратчиликни шарт қилиш ва бошқалар.
Юқоридаги каби шартлар Қуръон ва Суннатга хилоф бўлмаса, уларга амал қилиш лозим бўлади.
Вақф лафзнинг ўзи биланоқ лозим бўлувчи ақддир, уни бузиш жоиз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг асли сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Имом Термизий сўзларига кўра, аҳли илмлар наздида, амал мана шу ҳадисгадир, уни бузиш жоиз эмас, чунки у абадий вақфдир. (давоми бор)