Бугунги кунда кўпчилигимиз вақтимизда барака йўқлигидан ҳайрон бўламиз, самолёт йўқ, автомашина йўқ, компьютер йўқ, интернет йўқ замонларда қисқа умр кўриб улкан натижаларга эришиб, бизларга ҳам бебаҳо мерос қолдирган аждодларимиз ҳаётини ақлимизга сиғдиролмаймиз… Лекин аслида бу жуда катта сир эмас экан. Уламолар вақтга барака киришининг бир қанча сабабларини келтиришган, жумладан:
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол (р.а.)ни ҳузурларига чақириб, “Эй Билол, бугун кечаси тушимда сени жаннатда кўрдим. Қайси амалинг билан бундай мақомга эришдинг?” деб сўраганларида, Билол: “Азон айтганимда, иқоматдан олдин дарҳол намоз ўқийман. Агар таҳоратим бузилса, дарҳол таҳоратимни янгилайман ва икки ракат намоз ўқийман” деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Мана шу амалларинг билан жаннатга кирган экансан-да”, дедилар. Бу ривоятдан азондан кейин намоз ўқиш ва доим таҳоратли юриш қай даражада фазилатли амал эканини билиб оламиз.
Муаззиннинг азонини эшитган заҳотингиз нима иш қилаётган бўлсангиз ҳам, ишингизни тўхтатиб, намозга ҳозирлик кўринг. Агар сиз намозни ўз вақтида адо этиб борсангиз, барча вақтларингизга барака кирганини сезасиз.
Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг тоатида, У Зотга тақво қилишда бардавом бўлиш, гуноҳлардан узоқ бўлиш барча яхшиликни жалб қилувчи ва барча ёмонликни даф қилувчи муҳим сабабдир.
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бақара сурасининг фазилати ҳақида айтган ушбу муборак ҳадисларини ривоят қилганлар: «Албатта, уни (Бақара сурасини) ушлаш баракадир».
Аллоҳ таолодан вақтига барака беришини сўраш, ҳар бир мўминнинг мунтазам қиладиган дуолари қаторида бўлиши керак.
Баъзан овқатланишга, одамлар билан бўлар-бўлмас нарсаларни гаплашишга, ойнаи жаҳон қаршисида ўтиришга ҳамда интернетда ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда соатлаб вақт сарфлаймиз. Бу эса вақтимизни ўғирлайдиган, унинг баракасини йўқотадиган ишлардандир.
Албатта, буларнинг барчасини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло вақтнинг баракасини ўчирадиган ишлардан тийилиб, вақтга барака киришига сабаб бўладиган амалларни бажариб боришимизни насиб этсин ҳамда барчамизнинг вақтимизга барака ато қилсин!
Манба: Islom.uz