Қорамолнинг закоти

عَنْ مُعَاذٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْيَمَنِ، وَأَمَرَنِي أَنْ آخُذَ مِنْ كُلِّ ثَلَاثِينَ بَقَرَةً تَبِيعًا أَوْ تَبِيعَةً، وَمِنْ كُلِّ أَرْبَعِينَ مُسِنَّةً. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва ҳар бир ўттиз сигирдан битта эркак ёки урғочи бир ёшли бузоқ олишимни ва ҳар бир қирқтадан бир дона икки ёшли урғочи бузоқ олишимни амр қилдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар, Ҳоким саҳиҳ, деган.

وَعَنْهُ قَالَ: أَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَلَّا آخُذَ مِنَ الْبَقَرِ شَيْئًا حَتَّى تَبْلُغَ ثَلَاثِينَ، فَإِذَا بَلَغَتْ ثَلَاثِينَ فَفِيهَا عِجْلٌ تَابِعٌ جَذَعٌ أَوْ جَذَعَةٌ حَتَّى تَبْلُغَ أَرْبَعِينَ، فَإِذَا بَلَغَتْ فَفِيهَا بَقَرَةٌ مُسِنَّةٌ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қорамол ўттизтага етмагунча ҳеч нарса олмаслигимни амр қилдилар. Қачон ўттизтага етса, ундан бир дона онасига эргашиб юрган бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ. Бу то қирқтага етгунча. Агар унга етса, икки ёшли ғунажин».

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу икки ривоятдан уламоларимиз қорамол закотига тегишли кўпгина ҳукмларни олганлар. Қорамол деганимизда мол ва қўтос эътиборга олинишини унутиб қўймаслигимиз керак.

Ушбу икки ривоятдан олинадиган ҳукмлар:

1. Қорамолдан закот бериш фарз эканлиги.

Буни аввал ўтган ҳадисларнинг бирида ҳам ўрганган эдик. Унда қайси бир одамнинг туяси, қорамоли ва қўйи бўла туриб закотини бермаса, қиёмат куни улар энг семиз ҳолларида келиб, эгаларини туёқлари билан тепкилаб, оғизлари билан тишлаб, шохлари билан сузиши ҳақида сўз кетган эди.

2. Қорамол ўттизтага етмагунча закот йўқлиги.

3. Қорамолнинг нисоби ўттизтага етган бўлиши.

Қорамол закоти жадвали

Қорамолнинг сони Чиқариладиган закот  
1дан 29тагача Закот йўқ  
30тадан 39тагача Бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ  
40тадан 59тагача Икки ёшли ғунажин  
60тадан 69тагача Иккита бир ёшли ғунажин ёки буқача  
70тадан 79тагача Битта икки ёшли ғунажин ёки битта бир ёшли буқача  
80тадан 89тагача Иккита икки ёшли ғунажин  
90тадан 99тагача Учта бир ёшли бузоқ  
100тадан 109тагача Иккита бир ёшли бузоқ, битта икки ёшли ғунажин ва ҳоказо  


عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ أَبَا بَكْرٍ كَتَبَ لَهُ الَّتِي فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَلَا يُجْمَعُ بَيْنَ مُتَفَرِّقٍ، وَلَا يُفَرَّقُ بَيْنَ مُجْتَمِعٍ خَشْيَةَ الصَّدَقَةِ، وَمَا كَانَ مِنْ خَلِيطَيْنِ فَإِنَّهُمَا يَتَرَاجَعَانِ بَيْنَهُمَا بِالسَّوِيَّةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз қилган нарса (закот) ҳақида ёзган мактубида:

«Садақа(нинг кўпайиши ёки камайиши)дан қўрқиб, айри жам қилинмайди ва жамланган айирилмайди. Икки аралаштирган киши эса ўзаро (ўз улушига қараб) ҳисоб қилади», дейилган эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг маъноси кенг эканлигидан уламоларимиз у ҳақида турли фикрлар айтиб, турлича шарҳ қилганлар. Чунончи, айириб ташловчи ким? Молнинг эгасими ёки садақа олувчи омилми? Айириб ташлаш қандай бўлади-ю, жам қилиш қандай бўлади, деган маъноларда ижтиҳодлар бўлган.

Мол эгасининг айириб ташлаши ўз фойдасини кўзлаб, садақани озроқ беришга уриниш сифатида бўлмаслиги керак.

Мисол учун, иккита шерикнинг 201та қўйи бор, улар учта қўйни закотга беришлари керак. Лекин улар закотчи келганида қўйларни бўлиб ташлаб, ҳар бири 100та ва 101та қўйи бордек қилиб кўрсатади. Натижада учта ўрнига иккита қўйни закотга беришади, биттаси ўзларида қолади.

Закот берувчининг қўшиб юбориши эса – икки кишида қирқтадан қўй бўлади. Икковлари биттадан, жами иккита қўйни закотга беришлари керак. Лекин закотчи келганида икковлари қўшиб юбориб, саксонта қўй бор, деб кўрсатишади ва закотчи улардан битта қўйни закотга олади.

Закотчининг айириши ва қўшиши бунинг тескариси бўлади. У кўпроқ закот олишга уринади. Иккита одам булар бизнинг қўйларимиз, деб саксонта қўйни кўрсатса, икки киши қўшиши мумкин эмас, ажратиб, икковингдан алоҳида закот оламан, дейди ва саксонта қўйни қирқтадан иккига бўлиб, биттанинг ўрнига иккита қўйни закотга олади.

Шунингдек, иккита одамда 101тадан қўй бўлса, икковинг қўшишинг керак, дейди-да, қўшиб, 202та қилиб, иккитанинг ўрнига учта қўйни закотга олади.

Ҳанафий мазҳабида чорва молларини аралаштириб, шерик бўлиш закот масаласига таъсир қилмайди. Ҳар ким ўз улушининг закотини ўзи бераверади.

Бошқа мазҳабларда эса аралаштириб юборишнинг таъсири бор, уларга битта мулк эгасининг муомаласи қилинади. Улар молни аралаштириб, шерик бўлишнинг закотга таъсири бўлиши учун тўртта шарт бор, дейишади.

1. Шерик бўлиш закотдан қочиш мақсадида бўлмасин.

2. Ҳар икки томоннинг ҳайвони бир-бирига қўшиладиган ҳайвонлардан бўлиши керак. Мисол учун, қўй-эчки.

3. Икки шерик ҳам закотни адо эта оладиган сифатга эга бўлишлари керак. Яъни, мусулмон, ҳур, болиғ, оқил, нисоб эгаси бўлишлари лозим.

4. Икковларининг чўпони, эркак ҳайвонлари, сув ичадиган жойи, яйлови, қўраси бир бўлиши керак.

Ушбу шартлардан келиб чиқиб, ҳар тараф ҳадисни ўз ҳолича тушунади, лекин нима бўлганда ҳам ҳийла йўли билан закотдан қочиб қолмаслик керак, закот берувчига зулм ҳам бўлмаслиги лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Қорамолнинг закоти
3 Март, 2023 йил | 237