1) Бу ойда қилинган дуолар мустажобдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч хил дуо мустажобдир:
— Рўзадорнинг дуоси;
— Мазлумнинг дуоси;
— Мусофирнинг дуоси».
(Баззор ривояти, Албоний саҳиҳ деган)
2) Рўзадорнинг ажри бир неча баробар кўпайтириб берилади, қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласининг барча (яхши) амали кўпайтирилади: ҳасанотлар ўн баробаридан етти юз баробаригача кўпайтирилади. Аллоҳ азза ва жалла деди: «Бас, рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман».
(Муттафақун алайҳи)
3) Рамазон раҳмат ойидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойи келса, раҳмат эшиклари очилади», дедилар.
(Муслим ривояти)
4) Бу ойдаги умра ҳажга тенг.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондаги умра ҳажга тенг», дедилар.
(Муттафақун алайҳи)
5) Қадр кечасини ибодат билан бедор ўтказиш гуноҳлар кечирилиши сабабидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасини (унинг улуғлигига) иймон келтирган ва савобидан умид қилган ҳолда ибодат билан бедор ўтказса, ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар.
(Муттафақун алайҳи)