Ифторликнинг фазилатлари

 

Саҳарлик каби ифторлик ҳам бир суннат ва ибодат амалдир. Унда баракалар ва раҳматлар ато қилиб қўйилгандир. Аллоҳ таоъло у вақтда бандаларни мағфират қилади, дуолар қабул бўлади ва жаҳаннамдан бандалар озод қилинади. Шунинг учун бу муҳим вақтни жуда қадрлаш лозим.
Қуйида бу борадаги ҳадиси шарифлар зикр қилинади. Уларда ифторликнинг фазилатлари зикр қилингандир:

????Ифторлик вақтида дуо қабул бўлиши

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

للصّائمِ عِندَ إفطارِهِ دَعوةٌ مُستجابةٌ

Яъни: "Рўзадорнинг ифтори вақтида ижобат қилинадиган дуоси бор".
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳақларида келадики, у киши ифтор вақтида аҳли-аёлларини жамлаб дуо қилар эдилар. (Шуъубул иймон)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

للصائمِ عندَ فِطرِه دعوةً ما تُرَدُّ

Яъни: "Рўзадор учун ифтор вақтида рад қилинмайдиган бир дуоси бор". (Шуъубул иймон) Ҳазрати Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейдилар:

إن لكل مؤمن دعوة مستجابة عند إفطاره إما أن يعجل له في دنياه أو يدخر له في آخرته

Яъни: "Албатта, ҳар мўмин учун унинг ифтор вақтида бир мақбул дуоси бўлади. Ё унинг қабул бўлиши унга дунёдаёқ тез ҳосил бўлади ёки унинг учун охиратига захира қилиб қўйилади". (Шуъубул иймон)

Муфтий Муҳаммад Салмон.
(Жомиъа дорул улум Карачи)

"Анвор-э Рамзаан" китобидан

24 Март, 2023 йил | 305