Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар.
Бу тоифага кишининг туққанлари, яъни ота-онаси, бобо-момолари неча поғона юқори бўлса ҳам киради. Мазкур киши ана ўшаларга закотини бериши мумкин эмас.
Ўзининг қулига, бир қисмини озод қилган қулига закот берилмайди.
Қул хожанинг мулки бўлади. Ўзининг мулкига закот бериш дуруст эмас.
Зиммийга эмас. Унга (зиммийга) закотдан бошқасини берса бўлади.
Зиммийга закотдан бошқасини берса бўлади. Ислом давлати соясида яшаётган «аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дин вакилларига закотдан бериб бўлмайди. Чунки закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт. Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки аввал айтилганидек, закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак.
Фосиқ кишига закот берса бўладими?
«Фосиқ» деб баъзи гуноҳ ишларни қилиб номи чиққан одамга айтилади. Ўзи мусулмон одам-у, лекин гуноҳ ишлар ҳам қилган бўлади. Қадимги уламоларимиз бундай одамларга закот бериш мумкин, дейишган ва закотни олгандан кейин уни фисқ ва гуноҳ ишларга сарфламаслиги аниқ бўлиши керак, деган шартни қўйишган.
Куч-қуввати етарли, бирор касбга қодир кишиларга закотдан берилмайди.
Касб-корга қодир бўлган, соғлом кишига закотдан улуш берилмаслиги учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:
1) Ўз касбига яраша иши мавжуд бўлиши;
2) Бу иш ҳалол иш бўлиши;
3) Мазкур иш тоқатидан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада бўлмаслиги;
4) Бу иш унга муносиб, ўзига ўхшаш кишиларнинг обрўсини тўкмайдиган иш бўлиши;
5) Ўзида ва қарамоғидагиларда етарли касб қилиш имкони бўлиши.
Таркидунё қилиб, ибодатга берилган одамга закотдан улуш берилмайди.
"Мўминнинг қалқони" китобидан