http://vaqf.uz/uploads/2bf361d2-4686-124a-7e20-cd9b1b747d74_media_.mp3
Қабр ва азиз авлиёлар қўним топган мақбараларни зиёрат қилиш одамларни ёмонликлардан узоқлашиш, диёнатли бўлиш, ўзини ислоҳ қилишга, қилаётган амаллари тўғрисида бир кун келиб Яратганнинг олдида жавоб бериши ҳақида ўйлашга ундайди.
Динимизда ҳар бир ишнинг ўз одоби бўлгани каби, қабр ва мақбараларни зиёрат қилишнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд.
- Аввало зиёрат учун руҳан ва жисмонан покланиш лозим, имкон қадар зиёратгоҳга таҳорат билан келган афзал. Барча ишлардаги каби зиёратда ҳам биринчи навбатда инсон ниятни тўғри қилиши керак. Зиёратдан фақат Аллоҳни розилиги, ибрат олиш ва қабрдаги кишининг ҳақига дуо қилишни мақсад қилмоқ лозим.
- Зиёратгоҳга келганда қабр аҳлига: “Ассалому алайкум йа аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, дея оҳиста салом берилади.
- Зиёратга келган кишилар динимизга хос кийинган бўлиши – авратларини беркитган ҳолда либосланиб, зиёрат қилишлари лозим.
- Зиёратгоҳда қабрлар ёнида суратга тушиш, қабрларни босиш, уларнинг устига ўтириш, қабристон ҳудудида баланд овозда гаплашиш, шовқин солиш, ҳазил мутойиба ва номақбул ишлар қилиш қатиян ман этилади.
- Зиёрат жараёнида қабрда ётган марҳумлардан мадад сўраш, ёки уларга атаб жонлиқ сўйиш асло мумкин эмас.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳеч бир зиёратчи қабрда ётган киши авлиё бўладими ёки оддий инсонми улардан ҳожатини раво бўлишини талаб қилмайди. Агар шундай қилса бу улкан гуноҳ яъни ширк амаллардан ҳисобланади. Ҳар қандай ҳожатларни раво қилувчи фақат Аллоҳнинг ўзидир.
- Қабрларга ёки зиёратгоҳдаги мақбара ғишт ва безакларига турли сўзлар ва ниятларни ёзиш ҳам мумкин эмас.
- Қабрлар устига пул сочиш, шам ёқиш, уларни тавоф қилиш, болани кокилини аташ, атрофларини айланиш ҳамда дарахтларига турли хил латта парчаларини боғлаш ҳам динимизда қаттиқ қоралангандир.
Қабр тепасида шам ёқиш ҳам бефойда, ножоиз амаллардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрга чироқ ёқадиганларни лаънатлаганлар. Шунингдек, қабрларга сажда қилиш, тавоф қилиш ва остонасини ўпиш каби амаллар ҳам динимизда қаттиқ қораланган бўлиб, буларни бажариш нотўғри ишларга киради.
- Мақбара олдида жонлиқ сўйиш, таом пишириш ва тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки маҳсулотларини чекиш ҳам қатиъян ман этилади.
- Зиёрат давомида шу жойда дафн этилган валий ва улуғ зотни эъзоз қилган Аллоҳ таолога ҳамд санолар айтиб, ўнг оёқ билан кирилади. Пештахтада ёзилган маълумотлар орқали марҳум авлиёнинг ҳаёти ҳақида тушунчага эга бўлишингиз мумкин.
- Истаган инсон Қуръони каримнинг ўзи билган сура ва оятларидан марҳумларнинг ҳаққига бағишлаб тиловат қилиши мумкин. Масалан: Фотиха, Ихлос ва Кавсар каби сураларни.
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِمَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِإِيَّاكَ نَعۡبُدُ وَإِيَّاكَ نَسۡتَعِينُٱهۡدِنَا ٱلصِّرَٰطَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَصِرَٰطَ ٱلَّذِينَ أَنۡعَمۡتَ عَلَيۡهِمۡ غَيۡرِ ٱلۡمَغۡضُوبِ عَلَيۡهِمۡ وَلَا ٱلضَّآلِّينَ
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ قُلۡ هُوَ ٱللَّهُ أَحَدٌ ٱللَّهُ ٱلصَّمَدُلَمۡ يَلِدۡ وَلَمۡ يُولَدۡوَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ كُفُوًا أَحَدُۢ
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ إِنَّآ أَعۡطَيۡنَٰكَ ٱلۡكَوۡثَرَ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَٱنۡحَرۡ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ ٱلۡأَبۡتَرُ
- Зиёрат ниҳоясида қабристон ёки зиёратгоҳдан оҳиста чиқилади.
Қабрларга таъзим қилиш, у ерга турли чиқиндиларни қолдириб кетиш тақиқланади.
- Зиёратга келган киши ўтганларнинг ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилмоғи лозим. Қабр ичида ётганларнинг ҳолати ва вақти келиб ўзининг ҳам олдида турган охират сафари борасида тафаккур қилмоғи даркор. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўз раҳматига олсин!