Жаннатга киришни истайсизми?

Бир оят тафсири: “Оли Имрон” сураси, 92-оят

Ўзингиз суйган нарсалардан нафақа (инфоқ-эҳсон) қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа (инфоқ-эҳсон) қилсангиз, Аллоҳ (уни) билувчидир”.

изоҳ: оятдаги яхшилик сўзини савоб, жаннат мазмунида тушуниш лозим.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:
“Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида “Ҳаа” номли бир қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. Ўзингиз суйган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз, ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:
“Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз”, демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби “Ҳаа” қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом:
“Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман”, дедилар.

Абу Толҳа:
“Ҳудди шундай қиламан, Эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди.

Имом Бухорий ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умар:
“Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?” дедилар. У зоти бо-баракот:
“Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур”, дедилар.

Кўриб ўтганимиздек, саҳобалар яхшиликда пешқадам бўлишган. Кутиб ўтирмасдан зудлик билан уни бажаришга киришган. Биз ҳам шундай бўлсак, жамиятга фойдамиз тегади. Етим-есирларнинг кўнглини олиш, камбағалларга ёрдам бериш, қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиш, қариндош-уруғларга совға-саломлар улашиш бўлса-да, яхшиликка интилайлик. Албатта, яхшилигимизга яраша бировлардан рағбат ёки жавоб кутиш шарт эмас. Ҳар бир яхшилигимизга яраша Аллоҳ таоло ўнлаб, юзлаб савобларни ато этади, гуноҳларимизни ўчиради, хатоларимизни ислоҳ этади, деб ишонган ҳолда ҳаракат қилсак Аллоҳнинг ўзи бизни мукофотлайди, бунга шубҳа йўқ.

Шу билан бирга, инсон ўзи суйган нарса фақат моддий нарса бўлади деб тушунмаслик керак, чунки яхшиликнинг тури ва чегараси йўқ.

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Биродаринг юзига табассум билан боқишинг садақа, амри маъруф ва наҳий мункар қилишинг садақа, адашиб қолган кишини йўлга солиб қўйишинг сен учун садақа, кўзи яхши кўрмайдиган одамга кўз бўлишинг сен учун садақа, йўлдан ахлат, тикан ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақа, челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»).

Манба

Жаннатга киришни истайсизми?
17 Июль, 2023 йил | 310