Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас, балки Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади, яъни ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади, фарз мол чиқаришни эса закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилади.
Демак, молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлар экан.
Агар молни бериладиган шахс олдига унга меҳрини изҳор қилиш ва унинг меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади.
Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда мўмин-мусулмонлар садақа қилишга тарғиб қилинган. Мазкур оятлар ва ҳадислардан баъзиларини қуйида эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак экан.
Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).
Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада:
«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.
«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.
«… ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».
Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади:
«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».
Бу ваъда ўз навбатида кишиларда тақво ҳиссини ортдиради.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».
Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.
Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган, чунки кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким садақа қилса, албатта, тиланчининг қўлига тушишдан олдин Роббул оламийннинг қўлига тушади. Ҳолбуки, у тиланчининг қўлига солган эди», деди ва:«Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмасларми?» («Тавба» сураси 104-оят)ни тиловат қилди».
Шарҳ: Мўмин-мусулмон банда садақа қилса, садақа қилинаётган нарсани бир муҳтожга, мискинга узатаяпман, деб ўйламаслиги керак. Унинг берган садақаси тиланчининг ёки муҳтожнинг қўлига тушмай туриб, Аллоҳнинг қўлига тушади. Бу жуда улуғ мартабадир. Оятдан далил ҳам турибди, ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари турибди, демак садақа биз ўйлагандек оддий нарса эмас экан.
Садақа жуда эътиборли нарса, унинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, юқорида айтиб ўтилганидек садақа сўзи «сидқ», «содиқ» сўзларидан олинган бўлиб, банданинг иймон борлигини тасдиқловчи амал деган маънони билдиради. Кишининг иймони, Аллоҳга ишончи бўлса, қалбида қилаётган хайр-эҳсонининг савобидан умидворлик туйғуси бўлса, берган садақаси ана шу туйғуларнинг чин эканлигини тасдиқлайди.
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда садақасини гўзал қилса, албатта, Аллоҳ унинг орқасидан қоладиганларга ўринбосарни гўзал қилади», дедилар».
Шарҳ: Бир умр садақа қилиб ўтган одам вафот этса, орқасидан қолган болаларининг таъминотига Аллоҳ Таолонинг ўзи кафил бўлар экан. Бу фарзандлар оталарининг садақани кўп қилганлиги сабабидан, шарофатидан унинг вафотидан кейин ҳам Аллоҳнинг риоясида бўлар эканлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш жариймадир. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Рўза метин қалқондир. Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб қутқариб олувчи», дедилар».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилаётган ушбу ривоятдаги қисқа иборалар ила қуйидаги улкан маънолар ифода этилгандир.
1) «Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш жариймадир».
Ким сокин бўлса, шошқалоқ бўлмаса, хотиржамлик билан иш тутадиган бўлса, катта ўлжани олган одамдир. Сокинликни қўйиб, шошқалоқ бўлиш эса худди кишига масъул томондан солинган жариймага ўзини уриш билан баробардир.
2) «Намоз нурдир».
Намознинг нур эканлиги, Аввало, банда вафот этиб қабрга кўмилганда унинг қоронғу қабрини ёритиш билан бўлади. Кейинчалик, қиёмат қоронғусида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.
3) «Садақа бурҳондир».
Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳон бўлиши бир неча хил бўлади.
Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон – ҳужжат бўлади.
Яна бир гапларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бурҳон – белги қўйилар экан.
4) «Рўза метин қалқондир».
Рўза рўзадорни турли ёмон ишлар, гап-сўзлар, турли-туман касалликлардан сақловчи метин қалқондир.
5) «Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб қутқариб олувчи».
Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон саъйи-ҳаракат қилиб ўтади. У ўша саъйи-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса бу дунёда қилган амали бўлади. Агар банда яхши амал қилган бўлса, унинг эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, унинг эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчи бўлади. Яъни, ҳар ким қилса, ўзига қилади.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1.Сокинлик фазилат экани.
2.Сокинликни тарк қилиш яхши эмаслиги.
3.Намоз банданинг икки дунёсини ёритувчи нур экани.
4.Рўза банданинг турли ёмомнликлардан сақлови метин қалқон экани.
5.Одамлар икки тоифага бўлиниши.
6.Жонини бу дунё учун сотган банда ҳалокатга учраши.
7.Жонини тўловини тўлаб уни қутқариб қолиш пайидан бўлиш зарурлиги.
Икримадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага: «Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради.
Бас, билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳғожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади.
Садақа фақат маълум катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа бўлаверади. Садақа оч қилган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
Абдурроҳман ибн Зайд ибн Асламдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Луқмон ўғлига: «Эй ўғлим, агар хатога йўл қўйсанг, дарҳол садақа тайёрла», деди».
Шарҳ: Демак, садақа яхши ният билан, чин кўнгилдан чиқариб қилинса, банда қилган гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши мумкин экан. Шунинг учун ҳазрати Луқмон алайҳиссалом ўз ўғилларига шу нарсани насийҳат қилган эканлар. Буни биз ҳам эслаб, амал қилишимиз, садақага рағбат қилишимиз лозим экан.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта Аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганда нархи икки юз минг бўлган ерини садақа қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни Шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас» (276-оят).
Бандалар пул-молларини зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади. Аслини олганда иши бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ
«садақаларни зиёда қилур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши пок садақа қилган бўлса, Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул ҳам қилмайди, албатта, уни қўйган пайтида, Роҳманнинг кафтига қўяди. Албатта, Аллоҳ бирингизнинг бир дона хурмосини, худди у тойчоғини ёки бўталоғини тарбия қилгандек тарбия қилиб, тоғчалик қилади».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, Закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол-пок бўлиши шарт эканлиги уқтирилмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол-пок бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.
Баъзи бир кишилар Закот, садақа молни поклайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, деса, гаплари нотўғри эканига ушбу ҳадис далилдир.
Закот ва садақага инфоқлар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади ул молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, мансабини ишлатишлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди.
Баъзи ҳукамоларимиз ҳаром молни садақа билан покламоқчи бўлганларни нажосатни сийдик билан ювмоқчи бўлаётганларга ўхшатганлар.
Садақа қилинган бир дона хурмо Аллоҳнинг кафтида туриб, тоғдек катталашиб кетар экан, савоби ҳам шу даражада катта бўлар экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда битта хурмо донасини ёки шунча келадиган пок нарсани садақа қилади. Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Бас, у Аллоҳ Табарока ва Таолонинг қўлига тушади. Бас, У зот уни бирингиз тойчоғини ўстирганидек, катта адирдек бўлгунича тарбия қилади», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтияптилар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ Таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ Таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан.
Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшиликни қилавериш керак экан, кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан садақа қилавериш керак экан.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар».
Шарҳ: Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. «Садақа – радди бало» деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан.
Абул Хайрдан ривоят қилинади:
«Менга етишича, одамлар қиёмат куни, оғирлик, жон ҳалқумга тиқилган ва шиддатли ғам пайтида, садақалари соясида бўладилар».
Шарҳ: Қиёмат куни одамлар соя топа олмай, гирён уриб турган, бир парча сояга зор бўлиб турган пайтда банданинг бу дунёда худди шундай қийналиб турган одамларга қилган садақалари бошига соябон бўлади. Албатта, бу жуда улуғ мақомдир.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳар ким қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади» деганларини эшитдим».
Язийд: «Абул Хайр бирор кунни ҳам садақасиз ўтказмас эди. Ҳеч бўлмаса, бир бурда қотган нон ёки бир дона пиёз бўлса ҳам», деди».
Шарҳ: Қиёматнинг даҳшатли жазирамасида ҳамма соя излаб зор юрган пайтда банданинг бошига бу дунёда қилган садақалари соябон бўлиб туради. Ким охиратдаги сояси қуюқ бўлишини, охиратнинг куйдирувчи иссиғидан сояда жон сақлашни истаса, кўпроқ садақа қилиши керак.
Абул Хайр розияллоҳу анҳу мана шу ҳадиси шарифни эшитиб қолган, одамларга ривоят қилган, унинг маъносини ўзига тўлиқ сингдирган, яхши билган. Шунинг учун Аллоҳнинг берган куни садақа бериб юрган. Жуда ҳеч нарса топа олмай қолса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилиб, шу ҳадисга амал қилган, қиёматдаги соясини кўпайтирган экан.
Осим ибн Умар ибн Қатодадан, у ўзига хабар берган кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақага қизиқтирдилар. Шунда бир киши тухумдек тиллони олиб келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Аҳли аёлимга ҳеч нарса қолдирмадим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб, отиб юбордилар ва:
«Бирингиз молини олиб келиб, аҳлу аёлини ҳеч нарсасиз қўядими?! Албатта, садақа беҳожатликдандир», дедилар».
Шарҳ: Садақа ўзидан ортганини ҳадя қилиш ила бўлмоғи керак. Садақа қиламан, деб қизиқиб кетиб, боласига, оиласига, қарамоғидагиларга берадиган нафақасини сиқмаслиги лозим. Балки улардан ортганини садақа қилиши керак.
Баъзи ҳадисларда зикр қилинган садақа қилишга ҳеч нарсаси қолмаган кишиларда ҳам оиласининг нафақаси алоҳида бўлган. Бўйнидаги вожиб нафақадан ортганидан ҳеч нарсаси қолмаган бўлган. Болангга ҳам бермай садақа қил, деган гап йўқ. Фарзандларга, оилага, қарамоғидагиларга бериладиган нафақа вожиб бўлса, садақа нафл ибодатдир. Бу ишларнинг фарқи бор. Шунинг учун ҳамма нарсасини садақа қилиб, ҳеч нарсаси қолмади, дейилганда вожиб нафақадан ортган ҳамма нарсани садақа қилиб юбориб, ҳеч нарсасиз қолди, эҳтиёждан ташқари садақа қилиб берса бўладиган нарсаси қолмади, деб тушуниш керак.
Яна баъзи ҳолларда ана шундай кишиларнинг аҳли аёли бўлмайди, ёки аҳли аёли билан келишиб, шундай қилаётган бўладилар.
Асосий қоида – аҳлу аёлидан ортган нарсанигина садақа қилишдир. Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тухумдек тиллони кўтариб келган кишига жаҳл қилиб, тиллосини отиб юбордилар, нега бола-чақангга ҳеч нарса қолдирмай, садақа қилишга олиб келасан, деб қаттиқ койидилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишилар одамларни садақа қилишга чақириб туришлари кераклиги.
2. Садақа қилишда ҳаддидан ошганларга танбиҳ бериб туриш зарурлиги.
3. Бола-чақанинг ризқини қийиб садақа қилиш яхши эмаслиги.
4. Ўзидан ортдириб, беҳожат бўлганда садақа қилиш яхшилиги.
Товусдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молининг ҳаммасини садақа қилиб, ўзи ўтириб қолган одам худди калоланинг меросхўрига ўхшайди», дедилар».
Шарҳ: Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Калола–зурриёти ва аждоди йўқ одамдир, яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир.
Калоланинг меросхўри дегани ҳеч нарсасиз қолган киши деганидир.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Суннатдаги озгина амал бидъатдаги кўп амалдан яхшидир. Садақанинг яхшиси ўзида ҳожатига лойиқ қолганидир. Устин қўл остин қўлдан яхшидир. Ўз аҳли аёлингдан бошла. Учма-уч етказиб турган маломатга қолмайди», дедилар».
Шарҳ: Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига бир неча тавсияларни қилмоқдалар.
1) “Суннатдаги озгина амал бидъатдаги кўп амалдан яхшидир”.
Ҳар бир амал, албатта, суннати набавийяга мувофиқ қилиниши керак. Бидъат амалнинг нафақат фойдаси бўлмайди, балки у гуноҳ бўлади, беҳуда кетади. Кам бўлса ҳам, оз бўлса ҳам, кичик бўлса ҳам суннатга мувофиқ амал қилиш, бидъатга зинҳор яқинлашмаслик керак.
2) “Садақанинг яхшиси ўзида ҳожатига лойиқ қолганидир”.
Садақа қиладиган одам ўзининг эҳтиёжидан ташқари молидан садақа қилиши керак. Ўзидан ҳеч вақо қолмайдиган даражада садақа қилиш тўғри эмас.
Уламолар, ўзига ва қарамоғидагиларга кифоя қиладиган даражадаги нарсани қолдириб садақа қилиш мустаҳабдир, ўзи ва қарамоғидагиларнинг таъминотини нуқсонга учратса, гуноҳкор бўлади, деганлар.
3) «Устин қўл остин қўлдан яхшидир».
Садақа қилувчи қўл, садақа олувчи қўлдан яхшидир. Садақа берувчи қўл, яхши қўл соҳиби бўлиши учун ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳар бир мусулмон, остин қўл-хайри эҳсон олувчи қўл, яхшимас қўл соҳиби бўлмасликка уриниши керак.
4) «Ўз аҳли аёлингдан бошла».
Садақа қилишни ўзининг аҳли аёлидан, ўз қарамоғидагилардан бошлаш керак. Уларни қўйиб бегоналарга садақа қилиш дуруст бўлмайди.
5) «Учма-уч етказиб турган маломатга қолмайди».
Кунини зўрга кўраётган, топганини учма-уч қилиб рўзғорига етказиб турган кишига садақа қилмагани учун маломат бўлмайди.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига уч киши келди. Бас, улардан бири: «Менинг юз увқиям бор эди, ундан ўнтасини садақа қилдим», деди. Иккинчиси: «Менинг юз динорим бор эди, ундан ўнтасини садақа қилдим», деди. Учинчиси: «Менинг ўн динорим бор эди, бир динорини садақа қилдим» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар савобда тенгсиз. Сиздан ҳар бирингиз молидан ўндан бирини садақа қилди», дедилар».
Шарҳ: Юз динори, увқияси борлар ўн динор, ўн увқия садақа қилган, ўн динори бор одам эса бир динор садақа қилган. Бироқ, ҳар бири бор молининг ўндан бирини садақа қилганлиги учун ажрлари тенг бўлади.
Демак, жуда кам нарса садақа қилдим, энди бунинг ажри нима ҳам бўларди, демаслик керак экан. Имкони кам одамнинг садақаси кам ажрга сабаб бўлмас экан. Гап садақанинг миқдорида эмас. Одамлар ўн динорлаб садақа қиляпти, менинг бир динорим нима бўларди демаслик керак.
Кўп бераётган моли кўплигидан беряпти, моли кам одам ўз имконига қараб садақа қилса ҳам, албатта улуғ ажрлар олади.
Ибн Абу Маликадан ривоят қилинади:
«Оиша мискинларга берилган таомлар ададини санади ва уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Шунда У зот: «Эй Оиша, санамагин, яна эртага сенга саналмасин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа берганда қизғаниб ёки ҳисоб-китоб қилишдан қайтардилар. Дарҳақиқат, садақа қилаётган одам берадиган нарсасини санаб, ҳисоб-китоб қилиб, оғринганини билдириб берса, олаётган одам ҳижолат бўлиб қолади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.