Пайғамбарзодаларнинг юртимиздаги энг йирик дахмасини биласизми?

Зиёратгоҳ номи ва манзили: Султон Саодат меъморий ёдгорлик мажмуаси, Сурхондарё вилояти Термиз тумани  Намуна қишлоғи ҳудудида жойлашган.

Зиёратгоҳнинг тарихи: Термиз саййидларининг ("aҳл ул-байт")  дафиналари жойлашган маҳобатли мақбаралар мажмуаси ҳисобланади. IX-асрда Ватанимиз равнағига катта ҳисса қўшган Термиз саййидлари хонадони шаклланади. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги  ўзларининг келиб чиқишини шу хонадон билан боғлайдилар. Ривоятларга кўра, Термиз саййидлари пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи биби Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғли имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумнинг 5-авлоди бўлган Ҳасан ал-Амирга бориб тақалади. Ҳасан ал-Амир ўзининг яқинлари билан 850 йилда Самарқандга келади ва у ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир Термизга кўчиб келади ва шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида  ҳам Термиз саййидлари хонадонининг нуфузи катта бўлган. Улардан Абу-л-Маали ва Али Акбарлар Соҳибқироннинг ҳарбий юришларида қатнашган. Амир Темур  Ҳиндистонга қилинган юришларида  доимо Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб,  бир неча кун уларнинг меҳмони бўлган. Қачонлардир Султон Саодат мажмуасининг бир қисми ҳисобланган, ҳозирда сақланмаган, Амир Темур томонидан бунёд этилган хонақоҳ, унинг Термиз саййидларига кўрсатган ҳурмати намунасидир.

Мажмуа Термиздан 3 км. шимолий-шарқда жойлашган зиёратгоҳ сифатида танилган. Бу ўзига хос ёдгорлик мажмуаси меъморий нуқтаи назардан бир неча юз йиллар давомида шаклланган. Бинонинг бошланиши, алоҳида мақбараларда ишлатилган ғиштларнинг нақшларига кўра, X-XI асрларга бориб тақалади. Мажмуа айвон туридаги равоқли қурилмага эга масжид, Дарвозахона, XI асрда, айримлари — XIV ва XVII асрларда қурилган 16 мақбара, хонақоҳ ва бошқа хўжалик биноларидан иборат. Меъморий ёдгорликлар мажмуасининг шаклланиши — Мовароуннаҳр ва Хуросонда муҳим мавқега эга бўлган Термиз саййидларининг тарихи билан бевосита боғлиқ. Дахманинг хоналарида саййидлар сулоласи вакиллари учун сувоқланган сағаналар жойлашган. Масжиднинг кошинли безатилган пештоғи битиклар билан ўралган бўлиб, уни XIX аср охирида рус тадқиқотчилари томонидан кўчириб олинган. Ўша вақтда ўнг томондан бино равоғи ва пештоқнинг чап чеккаси бўйлаб асосий матннинг сақланиб қолган қисмлари эътиборга олинган.

Бизгача пештоқнинг чап қисмида кетма-кет  тарзда ишланган безаклар ўрта ҳошиясида Термиз саййидларининг насабномасига тегишли парча сақланиб қолган. Матн сулс ёзувида оқ ҳарфлар билан кўк рангли манзарада битилган. Таржимаси: ...(Аллоҳ) ибн  Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Абул Қосим Али ибн Убайдуллоҳ ибн Абул Қосим Али ибн Абу... Чамаси матндаги Аллоҳ сўзи Абдуллоҳ ёки Убайдуллоҳ бўлган. Чунки Аллоҳ сўзидан олдинги ёзувлар кўчириб ташланган.

Айни дамда мажмуа "ВАҚФ" хайрия жамоат фонди тасарруфига олинган бўлиб, ўтган йиллар давомида фонд томонидан зиёратчилар учун қулай шароитлар яратилган.

"ВАҚФ" ХЖФ Матбуот хизмати

11 Сентябрь, 2023 йил | 370