Садақа ва яқинларга садақа қилиш

«Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади.

«Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.
Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.
Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади.
Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадия бўлади.
Ўлими олдида мол улашиш атийяя бўлади.
Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади.
Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Мазкур оятлардан баъзиларини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлиги да ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.
Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).
Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада:
«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.
«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.
«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».
Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади:
«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».
Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини ортдиради.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».
Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.
Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.
Ушбу қисмга китрган бобларда ҳам ихтиёрий садақа ҳақида сўз боради.

Давоми бор... 

"Яхшилик ва силаи раҳм китобидан"

Садақа ва яқинларга садақа қилиш
9 Октябрь, 2023 йил | 297