Тириклигида жаннатий бўлган саҳоба зиёратгоҳи

“Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ” зиёратгоҳи. Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Жайхун кўчасида жойлашган. Мазкур зиёратгоҳда Ислом динини биринчиларидан бўлиб қабул қилган, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг энг буюк саҳобаларидан бири бўлган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳнинг рамзий мақбараси жойлашган. Унинг тўлиқ исми Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Забба ибн ал-Ҳорис ибн Фиҳр ибн Молик ибн ан-Назар ибн Канона бўлиб, насаб жиҳатидан қурайшийлардан ва еттинчи бўғинда ҳам отаси, ҳам онаси томонидан (Фихрда) Муҳаммад алайҳиссалом билан боғланади. Чунончи, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом насаб жиҳатидан Ғолиб ибн Фиҳр авлодларидан бўлса, Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса ал-Ҳорис ибн Фиҳр авлодларидан келиб чиққан. Муҳаммад алайҳиссалом топшириғи билан Абу Убайда ислом динини тарғиб қилиш мақсадида аввал Ҳабашистонга сўнгра эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи билан Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Шунингдек, унинг фидойилиги ва салоҳиятига қаттиқ ишонган пайғамбар алайҳиссалом уни сария (ҳарбий гуруҳ)ларга амир (бошчи) сифатида ҳамда махсус топшириқлар билан бошқа жойларга ҳам жўнатар эди.

Муҳаммад алайҳиссалом ислом динини ва мусулмонларга садоқат билан хизмат қилиб, мислсиз фидойилик ва жасорат кўрсатган ўз саҳобаларидан ўнтасига тириклигидаёқ жаннатий бўлганликларини башорат қилган. Бу зотлар араб тилида “ашараи мубашшара” “Жаннатий бўлганликлари башорат қилинган ўнта зот” деб аталиб, улар сафида Пайғамбар алайҳиссаломнинг чуқур меҳри ва эътирофини қозонган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳазратлари алоҳида ўрин эгаллайди.

Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу 639 йили вабо касалига учраб Иорданиянинг Бийсон шаҳрида 55 ёшда вафот этган. У ислом тарихи ва унинг ақидаларини чуқур билган, уни халқлар орасида тарғиб эта олган мўътабар шахс саналади.

Абу Убайда ибн ал Жарроҳ ёдгорлик   мажмуаси, Иордания пойтахти Аммондан 65 км узоқликда, Ағвор минтақасида жойлашган.

Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари Шарқ мамлакатлари тарихи, ислом дини, пайғамбарлар тарихини яхши билган, бу масалаларда таниқли олимлар билан баҳс-у музокаралар қилган. 1401 йили ҳозирги Сурия, Иордания, Ливан, Фаластин ерларини ўз ичига олган Шом диёрларини забт қилганларида Амир Темур Иордания ҳудудида жойлашган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу мақбарасини зиёрат қилиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ишончли сафдошларидан бўлган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳнинг розияллоҳу анҳунинг мақбараси хокларидан олиб, Қарши воҳасига келтириб, рамзий мақбарасини барпо қилганлар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 январьдаги 01-02-23-1-сонли йиғилиши қарори, Қашқадарё вилояти ҳокимиятининг 2012 йил 7 мартдаги Б-1-02/60-сонли баённомаси асосида Маданият вазирлигининг вилоят бошқармаси буюртмаси асосида Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ёдгорлик мажмуаси келгуси авлодлар учун сақлаш ва улардан фойдаланиш мақсадида қайта таъмирланди, мажмуа ҳудудида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ёдгорлик мажмуаси 2,4 гектарга кенгайтирилди, 2012 йил июнь ойларида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Археология” кафедраси мутахассислари томонидан унинг атрофида амалга оширилган археологик илмий изланишлар, бу меъморий иншоотнинг барпо этиши ва қурилиши даврларини бир қадар ойдинлаштирди. Мазкур жараёнда бир неча вазифалар бажарилди. Мажмуада кўплаб янги маданий мерос объектлари барпо этилди. Жумладан:

  1. Дарвозахона
  2. Таҳоратхона
  3. Инспекциянинг маъмурий биноси
  4. XIX аср ҳужралари
  5. IX-XIV аср сағаналари
  6. Минора
  7. Қудуқ
  8. Мақбара
  9. Ҳовузлар – 2 та
  10. Катта айвонлар – 2 та
  11. Ошхона
  12. Омбор  
  13. Ёзги дам олиш айвонлари
  14. Қассобхона объектларида консервация, таъмирлаш тиклаш, ободонлаштириш ва замонавий фойдаланишга мослаштириш ишлари ўтказилди. Ташриф буюраётган ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун мақбара, замонавий зиёратгоҳ, сайёҳлик масканига айлантирилди. Ҳар ойда 2,5 – 3 мингга яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зот ҳақларида: “Албатта, ҳар бир умматнинг амини (энг ишончли кишиси) бўлади, бизнинг аминимиз, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳдир”, дея таъкидлаганлар.

"Вақф" ХЖФ Матбуот хизмати

 

Тириклигида жаннатий бўлган саҳоба зиёратгоҳи
17 Октябрь, 2023 йил | 376