“Дорут тиловат” – пайғамбарзодалар қўним топган маскан


Кўп асрлик тарихга эга қадим Кеш – Шаҳрисабзда қад ростлаган меъморий обидалар серҳашамлиги, такрорланмас нақшу битиклари билан дунёга машҳур. Уларнинг кўпи Амир Темур, унинг авлодлари даврида кўҳна шаҳарнинг ҳозирги тарихий қисмида бунёд этилиб, жаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Ушбу археологик дурдоналар ичида Дорут-тиловат мажмуасининг ўзига хос ўрни бор. 

“Дорут тиловат” мажмуаси Кўк гумбаз масжиди, Шайх Шамсуддин Кулол, Гумбази Саййидон мақбаралари ва ҳужралардан иборат. Ушбу иншоотлар асосан XIV аср охири – XV асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. “Дорут тиловат” сўзи “Қуръон ўқиладиган ёки тиловат қилинадиган жой” маъносини англатади. 

Мажмуадаги Кўк гумбаз масжидини Амир Темурнинг набираси, буюк олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек 1434–1435 йилларда қурдирган. Мирзо Улуғбек масжидни бобоси Амир Темур шарафига бунёд этган. Кириш пештоқининг равоғида уларнинг номлари ва қурилиш санаси битилган.

Бу ердаги Шайх Шамсуддин Кулол мақбараси XIV аср охирида барпо этилган. У киши Амир Темур ва унинг отаси Тарағай Баҳодирнинг устози ҳамда пиридир. У 1370 йилда вафот этган.

Шамсуддин Кулол мақбараси Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик бўлиб, Шамсуддин Кулол қабри устига қурилган. Ушбу мақбара Амир Темур даврида шаклланган янги меъморий услубнинг илк намунаси ҳисобланади.

Гумбази Саййидон мақбараси 1437 йилда Мирзо Улуғбек фармони билан қурилган. Мақбара ичида XV–XVII асрларга оид бир нечта қабр тошлари бор. Улар термизлик саййидларга тегишли бўлиб, бир-биридан катта-кичиклигига қараб жойлаштирилган.

Маълумки, саййидлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодлари ҳисобланади. Шу боис мақбаранинг номи Гумбази Саййидон, яъни Саййидлар гумбази деб ном олган.

Бу ерга саййидларнинг қўйилишининг сабаби ҳам Амир Темурга бориб тақалади. Соҳибқироннинг ўзи саййидларни жуда ҳурмат қилган.

“Дорус саодат” мажмуаси

“Дорут тиловат”нинг шарқида жойлашган “Дорус саодат” мажмуасида “Ҳазрати Имом” масжиди, Амир Темурнинг ўғиллари Жаҳонгир Мирзо ва Умаршайх Мирзо ҳамда Соҳибқирон ўзи учун бунёд этган мақбаралар бор. Археологик қазишмалар даврида кўплаб кешлик Барлос амирларининг ҳам мақбаралари аниқланган. 

Амир Темур 1379–1380 йилларда “Дорус саодат” (“Саййидлар уйи”)ни қурдирган. Унинг лойиҳаси “Хожа Аҳмад Яссавий” мажмуасига ўхшаш бўлиб, кириш йўли саройга, ундан Амир Темурга мўлжалланган сағанага олиб боради. 

Мажмуа 1995–1996 йилларда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш арафасида қайта таъмирланиб, атрофи обод этилди.

Мазкур мажмуа айни дамда "ВАҚФ" хайрия жамоат фондига бириктирилган бўлиб, ўтган йиллар давомида янада кўркам ва обод этилиши учун самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 

“Дорут тиловат” – пайғамбарзодалар қўним топган маскан
24 Октябрь, 2023 йил | 317