Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "Энг маърифатли имом – 2018" кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашдилар. Ғолибларни тақдирлаш маросимида Фонд ижрочи директори Искандар Халилов ҳам иштирок этди.
Танловда 1-ўринни эгаллаган Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиев "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ноутбук ва 3.000.000 сўм пул мукофоти топширилди.
2-ўринни эгаллаган Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби Яҳёхон Абдураҳмоновга эса Фонд томонидан LCD 42 телевизор ва 2.500.000 сўм пул мукофоти топширилган бўлса, 3-ўринга муносиб кўрилган Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Саъдулло ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов микро тўлқинли печ ва 2.000.000 сўм пул мукофоти топширилди.
"Вақф" фонди томонидан диний-маърифий йўналишдаги турли мусобақа, танловлар ва лойиҳалар молиялаштириб келинмоқда. Бу эса юртимизда масжид имомларининг фаол бўлишига, раҳбарият томонидан қўйилаётган талабларга мос бўлишга сабаб бўлади.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати