Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди айни кунларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор хайрия тадбирларини ўтказиб келмоқда. Маълумки, бу каби тадбирлар яқин кунларда Фарғона ва Жиззах вилоятларида ташкил этилиб, кўплаб эҳтиёжманд оилаларга шодлик улашилди. Фарғонада 200 та, Жиззах вилоятида 300 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, кўмир, китоблар, турли ўйинчоқлардан иборат хайриялар тарқатилди.
Энди навбат Андижон вилоятига келди. Бугун турли зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечак, кўмир, турли ўйинчоқлар, Қуръон китоби, велосипед, ногиронлик аравачаси ва бошқа хайриялардан иборат карвон Андижон вилоятига қараб йўлга тушди. Яқин вақтларда карвон вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган 300 та хонадонга кириб боради.