Хоҳиш бўлса, ёрдам бериш ҳар кимнинг қўлидан келади
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишаган.
Жиззах вилоятнинг чекка ҳудудидаги бир хонадонда турмуш ўртоғидан эрта жудо бўлган бир аёл уч нафар фарзанди билан оғир шароитларда яшаётганини шу қишлоқ аҳли, яқин қариндошлари биларди холос. “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассислари вилоятдаги кам таъминланган, ҳақиқатан моддий ёрдамга муҳтож оилаларни ўрганиш давомида ушбу хонадонда ҳам бўлишган, уларнинг яшаш шароитини ўрганишган эди. Шу лаҳзада ўз уйи бўлмаган, ночор аҳволда яшаётган ожиза Оллоҳга шукур қилиб, ҳеч бир камчиликлардан нолимагани барчани ҳайратга солган, ўтаётган ҳар кунига шукур қилишга мажбур қилганди. Яқинда Сардор Раҳимхон бошлиқ хайрия карвонининг Жиззах вилоятига қилган сафари давомида улар мазкур хонадонга ҳам киришиб, ҳақиқий ҳолатни ўз кўзлари билан кўришди. Боқувчиси йўқ, бирор жойда ишламайдиган, ёш болалар билан бир кунини ўтказаётган аёлнинг яшаши чиндан ҳам оғир эди. Хонадонга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечак, ўйинчоқлар, велосипед ва китоблар ҳадя қилинди. Ўз уй-жойига эга бўлиш учун моддий жиҳатдан ёрдам бериладиган бўлди. Аёлнинг номига шахсий пластик карта очилди. Хуллас, шу куни бир оиланинг мушкули осонлашди, болаларга чексиз қувонч улашилди.
Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади.
Шундай экан, имкониятимиз бўлганида ёрдамга муҳтож, боқувчиси йўқ, ҳаёт қийинчиликларидан мушкул аҳволга тушиб қолган инсонларга кўмак берайлик. Муҳими, хоҳиш бўлса, ёрдам бериш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади.