Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, уни чексиз неъматлар билан ризқлантирган. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сураси 18-оятида шундай марҳамат қилинади:
«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»
Лекин ҳамма ҳам бу неъматларнинг қадрига етавермайди. Эрталаб кўз очиб мунаввар тонгни кўрганига, нафас олаётганига, тўрт мучаси соғ эканлигига, ўзи мустақил юраётганига шукр қилмайди. Гўёки ўзи шундай бўлиши керакдек. Халқимизда бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, деган нақл бор. Ён-веримизда ҳар доим меҳр-мурувватга, ёрдамга муҳтож шундай инсонлар борки, улар учун биз унчалик қадрламайдиган неъмаьтларнинг ўрни бўлакча.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 36-алоҳида таълимга муҳтож болалар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган мактабда ўз номи билан меҳр-мурувватга муҳтож болалар таълим-тарбия олишади. Таъкидлаш керакки, айни вақтда мактаб педагоглари муассасада болаларга илм сирларини ўргатиш баробарида, 50 нафар болага уйида инклюзив таълим ҳам бериб келишмоқда. Бугун мазкур мактабда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир гуруҳ ходимлари турли совға-саломлар билан кириб боргани тадбирнинг болажонлар учун ҳақиқий байрамга айланишига замин яратди. Сана муносабати билан болажонлар томонидан ташкил этилган саҳна кўринишлари, Ватан, юртни тараннум этувчи шеърлардан кейин фонд вакиллари мактабга ўзлари билан олиб келган совға-саломларни тақдим этишди. Хусусан, кондиционер, меҳнат қуроллари, маърифат хонаси учун микрофонлар, спорт инвентарлари, ошхона жиҳозлари ва мусиқа асбоблари топширилди. Айниқса, болажонлар учун фонд томонидан тақдим этилган турли жанрдаги китобларнинг аҳамияти катта бўлди. Зеро, фарзандларимизнинг илмли ва маърифатли бўлиши, комил инсон бўлиб шаклланишида китобнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.
Бирда ундай, бирда бундай кунимиз ўтаверади. Диний китобларимизда мол-давлатга ружу қўймаслик, охиратни унутмаслик учун қабристонга кўпроқ бориб туриш лозимлиги айтилади. Баъзи-баъзида елиб-югуриб ўтаётган ҳар кунимизга, ўзимиз ва яқинларимизнинг соғ-саломат эканлигига шукрона келтириш учун юқоридаги каби мактаблар, ногиронлик уйларига бориш туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Зеро, ўткинчи бу дунёда яхшиликнинг мукофоти каттадир. Меҳр-мурувватли, саховатли инсонларга Аллоҳнинг марҳамати мўл бўлади.