Дуоси ижобат бўлган аёл !

     Уламолар ҳамма ишларимиз ниятга боғлиқ, дейишади. Хайрли ишлар қилишни, одамларга ёрдамчи бўлишни ният қилсангиз Аллоҳ қачондир ниятингизга етказиб, сизни эзгу ишлар қилишга бош-қош қилиб қўяди. Аксинча, кимгадир фириб беришни, иш қилмасдан фақат дам олишни орзу қилсангиз Аллоҳ қачондир уни ҳам ижобат қилади. Лекин бирида битмас-тугамас савобга эга бўлсангиз, иккинчисида катта гуноҳга ботасиз. Шундай экан, ниятимизни хайрли қилайлик.

     Фарғона вилоятининг Шоҳимардон анклав ҳудудида тўрт нафар етим қолган фарзандлари билан оғир шароитларда яшайдиган, шу вақтгача ҳаётнинг кўплаб қийинчиликларини бошидан ўтказган муштипар аёл ҳар намозида Аллоҳга илтижо қилиб, уйли бўлишни, фарзандлари билан кам-кўстсиз яшашни ният қиларди. Аллоҳ унинг нолаларини эшитди. Яқинда Фарғона шаҳрида жойлашган деҳқон бозорида, кўплаб одамлар гувоҳлигида аёлга шаҳар марказидаги ҳамма шароитларга эга уч хонали уйнинг калити тантанали вазиятда топширилди. Кўплаб саховатпеша инсонлар кўмагида қурилиб, таъмирланиб, барча жиҳозлари билан яшашга тайёр ҳолга келтирилган мазкур хонадон аёл ва унинг фарзандлари учун ҳақиқий совға бўлди.

      Эҳтиёжманд аёлга уч хонали уйнинг топширилиши “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган катта савобли ишлардан биридир. Иншаоллоҳ, бу охиргиси ҳам бўлмайди. Мард ва саховатли юртдошларимиз ёрдами ва қўллаб-қувватлаши билан ҳали кўплаб эҳтиёжманд оилалар уйли бўлишади...

6 Февраль, 2024 йил | 432