Рамазон олди хайрия карвони йўлга тушди !
Яна саноқли кунлардан кейин юртимизга ҳам муқаддас Рамазон ойи кириб келади. Хайр ва яхшиликларга бой кунлар олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг катта хайрия карвони яна узоқ манзиллар сари отланмоқда. Рамазон ойида эзгу ниятлар билан йўлга тушаётган фонд ходимлари бу гал Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларида истиқомат қилиб келаётган юзлаб эҳтиёжманд оилалар, етим ва мискин болаларга хурсандчилик улашишни, уларнинг мушкулини осон қилишни мақсад қилишган.
Бугун турли зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турли ўйинчоқлар, Қуръон ва бошқа маънавий-маърифий мавзудаги китоблар, велосипед ва бошқа хайриялар ортилган карвон белгиланган манзил томон йўлга тушди. Яқин вақтларда карвон дастлаб Самарқанд вилоятига кириб боради ва ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган 350 та хонадонга рамазон ҳадяларини топширилади. Ундан кейин карвон Қорақалпоғистон Республикаси томон йўл олиб, у ерда ҳам 300 тадан ортиқ эҳтиёжманд оилага хайрия маҳсулотларини тарқатиш кўзда тутилган.