Ислом динидаги энг савобли ва айни пайтда мўмин-мусулмонларнинг манфаати учун жуда муҳим бўлган хайрия амали бу вақф қилишдир. Ота-боболаримиз вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эҳтимом қаратиб келганлар.
Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”.
Жобир разияллоҳу анҳу эса: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан қодир бўлганлари борки, албатта вақф қилган”, – деганлар.
Инсонлар масжид, мадраса, шифохона каби кўчмас мулкларни, илмий китобларни ва уй-рўзғор анжомларини мўмин-мусулмонларга вақф қилиб қолдирганлар.
Аллоҳ таолонинг Каломидаги қуйидаги ояти каримаси уларга катта умид бахш этган: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” (Залзала сураси, 7-оят).
“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Шаръий таърифи эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.
Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, меросга қўшиб тақсимланмайди. Масалан ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона, кутубхона, мевали боғлар ва бошқалар мусулмонлар текин фойдаланишлари учун вақф қилиниши мумкин.
Вақф – шариатимизга кўра мустаҳаб бўлган ибодат эканига уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
Вақфни жорий этилишидан кўзланган мақсад иккита:
1) Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш. Яъни, савоб умидида хайрия қилиб, охиратга савоб жамғариш;
2) Жамиятдаги муҳтож кишиларнинг оғирини енгил қилиб, уларга ёрдам беришни йўлга қўйиш.
Вақфнинг тўртта рукни бўлиб, улар:
1) Вақф қилувчи шахс (воқиф);
2) вақф қилиш лафзи (сийға);
3) вақф қилинаётган мол (мавқуф);
4) вақф моли тасарруф этиладиган жиҳат (мавқуф алайҳи).
Ўз навбатида ушбу ҳар бир рукннинг дуруст бўлишида шартлари бор:
1) Вақф қилувчи шахс ҳур, болиғ, оқил, мулкка эга бўлган ва вақф қилишга мажбурланмаган бўлиши шарт.
2) Вақф қилишда вақфга очиқдан очиқ далолат қилувчи лафзлар ишлатилиши шарт. Масалан, “вақф қилдим”, “Аллоҳ йўлига садақа қилдим” каби. Ёки вақф қилишга далолат қилувчи киноя сўз айтиш ёки ишора қилиш ва вақфни ният қилиш шарт.
3) Вақф қилинаётган нарса
- қийматга эга бўлган,
- фойдаланиш мумкин бўлган (ҳаром бўлмаган) нарса бўлиши,
- вақф қилиш вақтида вақф қилувчининг мулкида бўлиши,
- вақф қилиш вақтида маълум бўлиши (ноаниқ бўлмаслиги) шарт.
Вақф қилинаётган мол нақд пул бўлиши ҳам, қўчмас мулк бўлиши ҳам, илмий китоблар, уй-рўзғор анжомлари ва ҳоказо бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, фойдаланиш билан тугаб қоладиган (масалан, таомга ўхшаш) нарсани вақф қилиб бўлмайди.
4) Вақфни тасарруф этиладиган жиҳат шариатда ҳаром қилинган (таъқиқланган) жиҳат бўлмаслиги шарт. (Масалан, тинчликни бузишга, уруш оловини ёқишга ўхшаш).
Вақф қилувчи вақфдан келадиган фойданинг ҳаммасини ёки баъзисини ўзига вақф қилиши мумкин. Бунда вафот этгандан кейин фойдаси фуқароларга бўлиши шарти билан. Бу Абу Юсуфнинг сўзлари бўлиб, “Фатавои Қозихон”да “бунда одамларни вақф қилишга тарғиб бордир” дейилган.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин! Омин!
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Vaqf.uz