МАКТАБГА ЯНГИ КИЙИМ, ЯНГИ СУМКАЛАР БИЛАН

Ҳа демай янги ўқув йили ҳам бошланади. Шу боис айни пайтда фарзандлари мактабларда таълим оладиган кўплаб ота-оналар жигарпоралари учун ўқув қуроллари, кийим-кечак олиш дараддудига тушиб қолишган. Лекин барчанинг бундай харажатларни қилишга имкони бўлавермайди. Боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга бу харажатлар бир мунча мушкулотларни келтириб чиқаради.

Ана шундай оилаларга ёрдам бериш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали “Меҳр-2020” волонтёр жамоаси билан биргаликда вилоятнинг турли ҳудудида яшовчи боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари, ўқув қуроллари ва сумкалари хариди учун акция ташкил қилишган эди. Бу акцияга вилоятдаги саховатпеша инсонлар, жўмард ҳомийлар шунчаки қараб туришмади. Йиғилган маблағ эвазига жами 520 нафар ўғил-қизга мактаб формалари, ўқув қуроллари ва сумкалари олиб берилди.

Таъкидлаш жоизки, янги ўқув йили олдидан амалга оширилган бу хайрли тадбирлар кўплаб эҳтиёжманд оилалар мушкулини осон қилиб, фарзандлар кўнглини шод этди.

Мурувватли ҳомийлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Уларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.

МАКТАБГА ЯНГИ КИЙИМ, ЯНГИ СУМКАЛАР БИЛАН
25 Август, 2024 йил | 46