ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ АРАФАСИДА КЎПЛАБ ОИЛАЛАРГА ХУРСАНДЧИЛИК КИРИБ БОРМОҚДА

Август ойи якунига етаётган шу кунларда жойларда давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонлаш ва янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишлари давом этмоқда. Ҳудудларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ва унинг филиалларида истиқлол байрамини кенг нишонлаш, халқимизга кўтаринки байрам кайфияти улашиш мақсадида зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари кўлами кенгайтирилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари, ўқув қуроллари ва сумкалари олиб бериляпти.

Хусусан, “Вақф” ҳайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами ва янги ўқув йили бошланиши арафасида 250 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига мактаб формалари, ўқув қуроллари ва сумкалар хайрия тариқасида тарқатилди.

Бундай тадбирлар фонднинг Тошкент вилояти филиали томонидан ҳам ташкил этилиб, Зангиота тумани “Эски қалъа” МФЙда 130 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формаси, сумка ва ўқув қуроллари топширилди.

Хоразм вилоятида боқувчиси йўқ, меҳрга муҳтож 57 та оиланинг 164 нафар фарзанди ҳам истиқлол айёмини кўтаринки кайфиятда, шоду ҳуррамликни кутиб оладиган бўлишди. Уларга ҳомийлар томонидан кийим-кечак, ўқув қуроллари ҳадя қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.

Фонднинг Сирдарё вилояти филиали ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги билан ҳамкорликда, ҳомийларни жалб қилган ҳолда ташкил этилган хайрия тадбирида ҳам 100 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари билан тўлдирилган сумкалар тарқатилди.

Ана шундай тадбир фонднинг Жиззах вилоят филиали томонидан ҳам ўтказилиб, мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили бошланиши арафасида 150 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ўқув қуроллари ва сумкалар хайрия қилинди.

Фонднинг Навоий вилояти филиали томонидан боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг 120 нафарига ўқув қуроллари, сумкалар, мактаб формалари ҳамда оёқ кийимлари топширилган бўлса, Андижон ва Наманган вилоятлари филиалининг хайрли амаллари туфайли 200 дан ошиқ эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари мактаб сумкаси, ўқув қуроллари ва формали бўлишди.

Бундай тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фонди жамоасининг вилоятларга қилган хайрия карвонлари сафарида ҳам ҳамжиҳатликда амалга оширилиб, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилаларда вояга етаётган 15 мингдан ортиқ болаларга мактаб формалари ва ўқув қуроллари эҳсон қилинди.

ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ АРАФАСИДА КЎПЛАБ ОИЛАЛАРГА ХУРСАНДЧИЛИК КИРИБ БОРМОҚДА
30 Август, 2024 йил | 93