ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ҲУЗУРИДАГИ “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛ ДАВОМИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда бир қанча хайрия ишлари амалга оширилди. 2024 йил давомида фонд ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ўтган йилга солиштирганда 138 фоизга кўпроқ хайриялар амалга оширилди.

Жумладан, фонднинг Етим, мискин ва боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат, моддий ёрдам” йўналишида 2024 йил давомида республикамизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи жами 11230 та оилага озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника, кўмир ва бошқа натура кўринишдаги маҳсулотлари хайрия қилинди. 292 та оилага 292 дона тикув машинаси хайрия қилинди.

Фонднинг Уйсиз етим ва мискинларга уй олиб бериш, таъмирлаш” йўналишида уйга муҳтож, етим-мискин 65 та оилага ҳомийлар кўмагида тўлиқ жиҳозланган уй олиб берилди.

Фонднинг “Қўлингизни беринг яхшилар” – етим ва мискинларга уйлар қуриб бериш йўналишида Тошкент вилояти Бўка туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар фарзандлари учун боғча, 50 ўринли тикув цехи, қандолат цехи, сартарошхона, нонвойхона ва ўқув марказлари тантанали равишда топширилди. 150 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилди.

Фонднинг Беморларга моддий ёрдам ва даволаш. (Мискин ва етимлар)” йўналишида жами 1200 та вояга етмаган болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик ва даволаш ишларини олиб бориш учун 50 дан ортиқ клиникалар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва даволаниши, ногиронлиги бўлган шахсларга соғликларини тиклаши, тиббий жиҳозлар учун жами 1621 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.

Тошкент шаҳар онкология марказининг болалар онкологияси бўлимида, Тошкент шаҳридаги 4 та махсус мактаб интернати ва мурувват уйларида 480 нафар бемор болалар учун байрам дастурхони ёзилди, ширинликлар, кийим кечаклар, китоблар ва бошқа совғалар тарқатилди.

Фонднинг “Камбағал ва етимларни касб-ҳунарга ўргатиш ва асбоб-ускуналар олиб бериш” йўналишида республикамизнинг 12 та вилоятида 70 та ўқув маркази билан англашув меморандуми, ҳамкорлик шартномалари тузилиб, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1500 нафарга яқин фарзандлари бепул ўқув курсларига жалб қилинди. 370 нафардан ошиқ бева аёллар касб-ҳунарга ўргатилиб, иш билан таъминланди.

Шу даврда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 20 минг нафардан ортиқ фарзандига мактаб формалари, ўқув қуроллари ва сумкалар, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Етим, мискин, боқувчисини йўқотган оила фарзандларига 617 млн сўмлик китоб олиб берилди.

Фонднинг Қудуқ қазиб чиқариш ва йўлларни таъмирлашйўналишида ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм ва Тошкент вилоятида қудуқ қазиб сув чиқарилди.

Талабa ва ўқувчиларга моддий ёрдам” йўналишида ҳомийларни жалб қилган ҳолда, Хоразм вилояти Имом Фахриддин Ар-розий ўрта махсус ислом билим юрти талабаларининг контракт тўлови ҳамда харажатлари учун 40 млн., Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқувчилари учун 33 млн. 248 минг сўм пул маблағи ҳисоб рақамига ва пластик карталарига ўтказилди. Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 754 млн. сўм ажратилди.

Диний таълим муассасалари талабалари учун “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими” номли китобини 2500 дона нашр эттириш учун 65 млн сўм маблағ сарфланди.

 Фонднинг “Масжидларга ёрдам, илм аҳлига кўмак” йўналишида масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 455 млн. сўм ажратилди. Имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 515 млн. сўм моддий ёрдам сифатида берилди.

Ҳисобот йилида Саудия Арабистони подшоҳлиги, Туркия, Қатар, БАА, Қувайт давлатлари билан ҳамкорлик ишлари яхши йўлга қўйилиб, амалий ишлар бажарилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2024 йил давомида кўплаб хайрия тадбирлари ва эзгу ишлари республика ва вилоят телевидениеларида, фонднинг ўз сайти ва бошқа сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларида, радио ва босма нашрларда ёритиб борилди. Жумладан, фонднинг vaqf.uz сайти ва бошқа сайтларда 244 та материал жойлаштирилди. Facebook саҳифасида 65 та пост жойланди. Шунингдек, фонднинг инстаграм саҳифасида 408 та публикация, телегарам тармоғида 333 та пост, видеоролик ва хабарлар жойланди. Республика ва вилоят телевидениеларида фонд фаолиятига оид 31 та материал намойиш этилди.

2024 йил Рамазон ойи муносабати билан фонднинг ҳудудий филиаллари томонидан вилоят ва туман ҳокимликлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари ҳамкорлигида республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб келаётган ижтимоий кўмакка муҳтож 72 минг нафардан ортиқ рўзадорларга ифторлик дастурхонлари ёзилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Қурбон ҳайити кунлари фонд ва унинг ҳудудлардаги филиаллари томонидан жами 195 та қўй, 16 та қорамол, 3 та туя қурбонлик қилинди. Қурбонлик гўштлари кам таъминлаган, боқувчиси йўқ оилалар, ёлғиз кексалар, ногирони бор хонадонлар, диний таълим муассасалари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига тарқатилди.

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ҲУЗУРИДАГИ “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ТОМОНИДАН  2024 ЙИЛ ДАВОМИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР
4 Февраль, 2025 йил | 21