Ўзбекистон Қатар давлати билан нафақат савдо-иқтисодий соҳада, ижтимоий-гуманитар, хайрия соҳаларида ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Хусусан, Қатарнинг мамлакатимиздаги элчихонаси бир неча йиллардан буён кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланган фуқароларга ёрдам бериш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир неча йўналишлар доирасида Ўзбекистон мусуломонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Айни ҳозирги Рамазон ойида мазкур давлат элчихонаси яна бир хайрли ишга қўл урди. Элчихона томонидан мамлакатимизда умгузаронлик қилиб келаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар учун 890 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат қутилар хайрия қилинди. Хайрия юкларини фондга топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошлиғи вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Саламов иштирок этди.
Элчи жаноблари тадбир давомида Рамазон ойида эзгулик улашаётганидан мамнун эканлигини билдириб, озиқ-овқат маҳсулотлари қисқа фурсатларда ўз эгаларига етиб боришидан умидвор эканлигини билдирди.
Тез фурсатларда хайрия маҳсулотларини кам таъминланган оилаларга тарқатиш бошланади. Демак яқин вақтларда кўплаб оилаларга Рамазон туҳфалари кириб боради.